Линклар

Обама авторитаризмдан воз кечишга, Эрдўғон Гуланга қарши чора кўришга чақирди


АҚШ президенти Барак Обама 20 сентябрда жаҳон лидерларини глобал инеграциялашув жараёни курсини "коррекция қилган ҳолда” иқтисодий нотенглик, тоқатсизлик, авторитаризм ва изоляциялашувга сабаб бўлувчи бошқарув моделидан воз кечишга чақирди.

"Мен Американинг мисоли ноёб, деб ҳисобламайман ", – деди Обама ва халқлари ўз фикрига эга бўлган бошқа мамлакатларни мисол тариқасида келтирди. У собиқ совет блокига кирган Европа мамлакатлари ҳозирги даражасига демократияни ривожлантириш йўлидаги ҳаракатлари туфайли эришишган, деб айтди.

БМТ Бош Ассамблеяси йиғилишида АҚШ президенти сифатида сўнгги марта чиқиш қилган Барак Обама Россия “ўзининг унутилган шуҳратини” куч ишлатиш йўли билан қайтаришга ҳаракат қилаётганини таъкидлаб, Москванинг қўшни давлатлар ички ишларига аралашиши Россияни обрўсизлантиришидан огоҳлантирди.

Обама нутқи давомида глобализация ортидан ҳукуматларнинг қатор ижтимоий ва иқтисодий муаммоларга панжа ортидан қарагани натижасида тараққиёт хавф остида қолмоқда, деб ҳисоблашини билдирди.

Шунингдек АҚШ президенти Украина ишларига аралашгани учун Россияни, ядро соҳасида халқаро ҳамжамиятга қарши чиққани учун эса Шиомлий Кореяни танқид қилди.

20 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси йиғилишида чиқиш қилган Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон эса, жаҳон давлатлари етакчиларини маркази АҚШда бўлган “террот тармоғига” қарши чора кўришга чорлади.

Эрдўғон “барча дўстларимизни ўз хавфсизликлари ҳамда давлатлари келажаги учун тезкорлик билан гуланчилар террор ташкилотига қарши тегишли чора кўришга чақирамиз”, деди.

Туркия расмийлари дин пешвоси Фатҳуллоҳ Гуланни июль ойида содир этилган давлат тўнтариши уринишида айблаб келади. Мўътадил қарашларга эга Гулан эса бу айбловларни рад этиб келади.

АҚШ расмийлари ҳозирча Гуланни экстрадиция қилишдан бош тортмоқда. Гулан бошида Эрдўғоннинг яқин ҳамкори бўлган.

Гулан ташкилотлари дунёдаги бир неча давлатда мактаб ва диний бўлмаган ширкатларга эгалик қилади. Эрдўғон Гулан бошқа давлатлар хавфсизлигига қандай таҳдид солишини очиқламади.

Эрдўғон яна ой бошида Туркиянинг Сурия шимолига кириб боргани “умидсизликка тушиб қолган ҳудудда тинчлик, мувозанат ҳамда барқарорлик ўрнатганини” таъкидлади.

Туркия президенти Европа Иттифоқини Туркия аъзолиги масаласи бўйича берган ваъдалари устидан чиқмагани учун танқид қилди. Европа Иттифоқи ва Туркия Анқара томонидан Европага йўл олган қочқинлар сонининг озайтирилиш эвазига Туркиянинг аъзо давлатлар сафига қўшилишини тезлатишга келишиб олган эди.

XS
SM
MD
LG