Линклар

Порошенко БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида Россияни кескин танқид қилди


Украина президенти Петро Порошенко.

Украина президенти Петро Порошенко.

Украина президенти Петро Порошенко мамлакат шарқидаги тўқнашувлардаги “провокаторлик ва асосий иштирокчилик” роли учун Россияни танқид қилди. БМТ Бош Ассамблеяси мажлисида қилган чиқишида Украина раҳбари Москва ўз юртдошларига қарши “саноқсиз жиноятларни амалга оширган террорчи гуруҳлар”ни молиялаштираётганлиги ва уларнинг ишини мувофиқлаштираётганини билдирди.

Порошенко БМТ Хавфсизлик кенгашининг Суриядаги урушни тўхтатиш ҳамда “Россиянинг Украинага қарши қуролли тажовузи ва Қрим оккупацияси” бўйича ҳаракатлари самара бермаётганини урғулади.

Украина шарқида 2014 йил апрелидан буён давом этаётган тўқнашувлар шу кунгача 9 минг 600 киши ёстиғини қуритгани айтилади.

БМТдаги чиқишидан кўп ўтмай Украина президенти Петро Порошенко АҚШ президенти Барак Обама билан учрашди. Порошенкога кўра, бу музокараларда Минск шартномаларини жорий қилиш бўйича қадамлар ва Киевга бир миллиард доллар миқдорида молиявий ёрдам кўрсатиш масалалари муҳокама қилинган.

Бу орада Минскда Украина расмийлари ва айирмачилар вакиллари 2015 йили тузилган сулҳ шартномасини давом эттириш уриниши ўлароқ Донбассдаги бир қанча жойдан қўшин ва оғир ҳарбий техникани жабҳа чизиғидан узоқлаштириш ҳақида ўзаро келишиб олгани хабар қилинмоқда.

XS
SM
MD
LG