Линклар

Қодиржон Ботиров Қирғизистон конституциясига ўзгартиш киритилишига қарши


Қодиржон Ботиров.

Қодиржон Ботиров.

Қирғизистонда сиртдан судланган собиқ депутат Қодиржон Ботиров мамлакат конституциясига ўзгартиш киритишга қарши чиқди. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига кўра, Ботиров бу мулоҳазасини билдириш учун ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси минбаридан фойдаланган.

Ботиров 2010 йили ўзининг мамлакатдан чиқиб кетиши ва бунга мансабдор шахсларнинг алоқадорлиги юзасидан янги жиноят иши очилиши бўйича қирғиз расмийларининг хатти-ҳаракатидан ҳам норозилик изҳор қилган.

Қирғиз дипломатларига кўра, 20 сентябрь куни Варшавада бўлиб ўтган ЕХҲТ кенгашида Қирғизистон расмий делегацияси бу борада ўз хавотирини изҳор қилган. Қирғизистон томони Қодиржон Ботиров сиртдан судлангани ва қидирувга берилганини урғулаган.

Қирғизистондаги Ўзбек миллий-маданий маркази лидерларида бири Қодиржон Ботиров миллий низо қўзғаганлик, айирмачилик чақириқлари билан чиққанлик ва оммавий тартибсизликлар уюштирганлик айблови билан сиртдан умрбод қамоқ жазоси ҳукм этилганди.

Жорий йилнинг 27 июль куни Қирғизистон социал-демократлар партияси, “Республика - Ата-Журт”, “Қирғизистон”, “Ўнугуу - Прогресс” ва “Бир бўл” партиялари мамлакат президенти таклифига кўра Конституцияга ўзгартиш киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллашган ва уни жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқишганди. Конституцияга ўзгартиш киритиш таклифига “Ата Мекен”, мухолифатчи кучлар, Муваққат ҳукуматнинг собиқ аъзолари ва фуқаролик жамияти фаоллари қарши чиқмоқдалар.

XS
SM
MD
LG