Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:01

Тожикистонда Фатҳуллоҳ Гуланга алоқадор сўнгги муассаса ёпилди


"Диалог" ходимлари кўч-кўронини йиғиштирмоқда.
"Диалог" ходимлари кўч-кўронини йиғиштирмоқда.

Тожикистонда Туркия расмийларига мухолиф Фатҳуллоҳ Гуланга тегишли бўлган “Диалог” ташкилоти фаолияти тўхтатилди.

Шу кунларда “Диалог” ходимлари Душанбенинг Рудакий шоҳкўчасида жойлашган бинони бўшатиш билан бандлар. Ташкилотнинг қаерга кўчиши ҳозирча номаълум.

“Диалог” ташкилоти раҳбари Эмсол Кўч Озодликнинг тожик хизмати билан суҳбатда ўз ташкилоти фаолияти молиявий муаммолар туфайли вақтинча тўхтатилаётганини айтган. Айни пайтда у “Диалог” фаолиятининг тўхтатилишига Тожикистон хавфсизлик тизимлари тазйиқи сабаб бўлганига оид иддаоларни рад этган.

Ташкилот раҳбарларидан яна бири – профессор Нодир Одилов ҳам “Диалог” ўз фаолиятини маблағ танқислиги сабабли тўхтатаётганини айтаркан, бу қарорга тожик расмийларининг ҳеч қандай алоқаси йўқлигини урғулаган. Одиловга кўра, “Диалог” фақат маданият, фан ва таълим масалалари билан шуғулланган ҳамда сиёсатга аралашган эмас.

Ташкилот раҳбарияти молиявий имконият пайдо бўлиши билан “Диалог” яна ўз фаолиятини давом эттириши мумкинлигини билдирган.

Фатҳуллоҳ Гуланга алоқадорлиги айтилаётган “Диалог” ташкилоти Душанбеда 2007 йилдан бери фаолият юритиб келарди. Ташкилот тадбирларида Тожикистонда таниқли бўлган сиёсат, давлат, маданият ва фан арбоблари иштирок этиб келганлар.

Жорий йил 15 июлида Туркияда содир бўлган давлат тўнтариши уриниши ортидан Анқара расмийлари хориждаги ҳамкорларидан Фатҳуллоҳ Гуланга тегишли таълим муассасалари фаолиятини тўхтатишни сўраган. Турк расмийлари Гуланни бу тўнтариш уриниши ташкилотчиси, деб билади. Ўз навбатида, ҳозир АҚШда истиқомат қилаётган Гулан Анқаранинг бу иддаосини рад этиб келмоқда.

Гуланга алоқадор ўрта таълим масканлари Тожикистонда сўнгги йилларда бирин-кетин ёпилган. Бу мактаблар Тожикистонда мамлакат ҳукумати ва “Шалола” ширкати ўртасидаги шартнома асосида 1993 йилдан бери фаолият кўрсатиб келган.

“Шалола” ширкати Душанбе, Қўрғонтепа, Турсунзода, Кўлоб ва Хўжандда олтита лицейга эга бўлган. Тожикистонда маҳаллий аҳолининг бу лицейлар фаолияти ҳақидаги фикри турлича бўлган. Айрим ота-оналар бу мактабларда яширин диний ташвиқот олиб борилишини айтганларидан кейин Тожикистон Таълим вазирлиги улардаги таълим жараёнини ўз назорати остига олган. Бу мактаблар аста-секин Таълим вазирлигининг тўла назоратига ўтган ва ўзининг “туркча” мақомидан айрилган. Ўтган йил сентябридан Тожикистонда Фатҳуллоҳ Гуланнинг “Хизмат” ҳаракатига алоқадор барча лицейлари фаолияти тақиқланган. Ўша пайтда Тожикистон Таълим ва фан вазирлиги мулозимлари бу қарорнинг Туркия раҳбарияти илтимосига алоқаси йўқлигини билдиргандилар. Таҳлилчилар эса туркиялик мухолифатчининг Тожикистондаги ва бошқа мамлакатлардаги мактаблари ёпилиши тасодиф эмас, деб ҳисоблайдилар. Уларга кўра, бу мамлакатлар хавфсизлик масалаларида бир-бирлари билан фаол ҳамкорлик қиладилар ва зарурат туғилган пайтда “бартер асосида ўзаро олди-берди” қиладилар.

Фатҳуллоҳ Гулан.
Фатҳуллоҳ Гулан.

Марказий Осиё мамлакатларида Гулан мактабларини ёпиш бўйича Туркия чақириғига рад жавоби берган ягона мамлакат Қирғизистон бўлди. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Анқаранинг илтимосини тўғри тушуниши, бироқ Қирғизистон мустақил давлат экани ҳамда нима яхшию нима ёмонлигини ўзи ҳал қилишини баён қилган.

Куни кеча БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан туриб сўзлаган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон жаҳон мамлакатларини Фатҳуллоҳ Гулан ва унинг “террор тармоғи”га қарши чора кўришга чақирди.

Вашингтон Гуланни ватанига экстрадиция қилиш бўйича Анқара талабини ҳалигача рад қилиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG