Линклар

Тошкентдаги ҳунармандлик маҳсулотлари ва хўжалик моллари бозори - “Чинни бозор”да ишлайдиган тадбиркорлардан бозор маъмурияти “пахта ҳаражатларига” пул йиғмоқда.

Озодликка шикоят қилган тадбиркорлардан бирининг айтишича, ҳар бир тадбиркордан 1 миллион сўмдан олинмоқда.

Бозор маъмурияти пахтага мардикор юбориш ҳар бир дўкончининг ўзига юклатилганини билдириш билан савдогарлар тилга олган фактни билвосита тан олди.

Тошкентнинг “Ипподром” бозори рўпарасида, “Абу-Саҳий” савдо мажмуаси ёнида жойлашган “Чинни бозор”да савдо қилаётган Шоира Содиқбекова Озодликка бундай деди:

- Бу бозорда мениям дўконим бор, болаларим ишлашади. Шулардан пахта мавсумига “2016 йилга 1 миллион сўмдан пул берасизлар”, деб сўраган. Бозор маъмурияти инспекторларга буйруқ берган йиғишга. Улар “Бизга пул берасизлар – биз мардикор қўйиб пахтага олиб чиқамиз”, дейишди, деди Шоира Содиқбекова.

2014 йилнинг августида Чинни бозор ёниб, кул бўлганди

2014 йилнинг августида Чинни бозор ёниб, кул бўлганди

2014 йилнинг августида ёниб кетган ва кейин қайта тикланган “Чинни бозор”да шу кунда 400 дан ортиқ савдогар ишлайди.

Шоира Содиқбекова ўшалардан бири ва "пахта солиғи", боз устига, нақд пулда талаб қилинаётганидан арз қилди.

- Биз масъулияти чекланган жамиятмиз. Қўлимизда пулимиз йўқ – инкассация қиламиз, давлат банкида айланади. Қўлимизда нақд 1 миллион пул йўқ. Улар эса нақд сўраяпти – ўтказиб беришга кўнмади. Бу талаб "Чинни бозор"даги барча тадбиркорларга қўйилаяпти. Беролган – беряпти, беролмаган бермаяпти. Эртага бизга хавф туғилиши мумкин, чунки ортиқча текширувлар бўлиши мумкин, деди тадбиркор аёл.

Шоира Содиқбекованинг айтишича, бундан бир неча йил олдин 100 доллар миқдоридаги шунга ўхшаш “солиқ”ни тўлай олмаган ўғилларидан бирининг дўконида текшириш уюштирилгани, 9 миллион сўмлик товар мусодара қилингани, у жавобгарликка тортилиб, 6 миллион сўм жарима ҳам тўлаганини иддао қилди.

Бунақа ишларни қўриб, одамлар қаршилик кўрсатишга кўрқади”, деди Шоира Содиқбекова.

Озодлик тошкентлик тадбиркорнинг шикояти юзасидан "Чинни бозор" маъмуриятига мурожаат қилди. Бозор инспекторларидан бири Озодликка телефон орқали бундай деди:

- Йўқ, унақа гап йўқ. “Одам бер”, деяпмиз. 20-25 ишчимиз бор ўзи. Бизга ҳокимиятдан тадбиркорларни ҳисобга олган ҳолда, пахта теримига 400-440 одам чиқариш топширилган. Теримга одам бермаганлар ҳисобига мардикор ёллаб қўйганмиз. Пахтага кетганларнинг иш ойлиги, ётари, ичари бор. 50-60 тадбиркор берди ишчи – 3 кунда қочиб келди. Боз устига бизга 70-80 кило норма қўйиб қўйган. Борганларнинг бирортаси 70-80 кило термайди. Ўзингиз ҳисобланг – 500 минг сўмга ким пахта теради?! деди "Чинни бозор" маъмурияти вакили.

Бозор инспекторининг айтишича, "Чинни бозор" раҳбарининг шахсан ўзи пахта теримига кетган ва теримчилар ишини назорат қилмоқда.

Бозор раҳбарияти пахтага чиққан теримчилар сони бўйича ҳар куни юқорига ҳисобот ҳам бериб бораётганини айтди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG