Линклар

Ҳиндистон бош вазири Покистонни терроризм экспорт қилишда айблади


Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Покистонни терроризм экспорт қилиш орқали Осиё қитъасини беқарорлаштиришда айблади.

Моди Покистонни халқаро миқёсда яккалиб қўйишга онт ичди.

Моди танқидидан бир неча кун аввал, 18 сентябрь куни Кашмирда ҳинд ҳарбий лагерига ҳужум уюштирилган, Деҳли ҳужум ортида Покистон турганини айтган эди.

Ҳужумда 18 ҳинд аскари ҳалок бўлди.

24 сентябрь куни сўзга чиққан Моди Покистон ҳатти-ҳаракатлари Ҳиндистон, Бангладеш ҳамда Афғонистонга ўз таъсирини ўтказаётганини айтди.

Моди Покистонни назарда тутиб “Осиё терроризм тарқатаётган, 21 аср Осиё учун эмаслигини кўрсатиш учун курашаётган битта давлат бор”, деди.

“Покистон халқи ўз етакчиларидан ҳар икки давлат бир пайтда мустақилликка эришган бўлса-да, нима учун Ҳиндистон компьютер дастурларини экспорт қилади, Покистон эса террорчиларни экспорт уилади, деб сўрашлари керак”, дея қўшимча қилди вазир.

Ҳиндистон узоқ йиллардан бери Покистонни Кашмирдаги жангариларни қўллашда ҳамда мамлакатнинг бошқа ҳудудларида террор ҳужумларини амалга ошришда айблаб келади.

Покистон эса бу айбловларни рад этиб келади.

Покистон Ташқи ишлар вазирлиги Модининг шарҳларига расмий жавоб берилишини билдирди.

XS
SM
MD
LG