Линклар

logo-print

Туркия полицияси душанба куни "Фатҳуллоҳчилар террор ташкилоти" (ФЕТО) билан алоқадорликда гумон қилиб Измир шаҳридаги Одил суд саройининг 76 ходими ва уларнинг яқинларини қўлга олди.

Бу ҳақда хабар қилган ТАССга кўра, Измир шаҳри бош прокуратураси ҳаммаси бўлиб 101 кишини, жумладан суд котиби, ижрочилари ва уларнинг яқинларини қўлга олишга санкция берган.

Айни пайтда, Измирдан ташқари яна уч вилоят - Маниса, Кўня ва Кутахяда қўлга олиш ва тинтувлар бўлиб ўтаётгани хабар қилинди.

Хабар қилинишича, қўлга олинганлардан баъзилари мобил телефонларига ўрнатилган ва жўнатмаларни шифрлайдиган Bylock дастуридан фойдаланган. Туркия разведкасига кўра, мазкур дастурдан 16 июлга ўтар кечаси ҳарбий тўнтариш амалга оширишга уринганлар фойдаланган.

1999 йилдан бери АҚШда яшаётган Фатҳулло Гулан Туркияда июль ойида содир этилган давлат тўнтариши уринишига алоқаси йўқлигини айтиб келади.

Турк ҳукумати Гулан асос солган “Хизмет” ҳаракатини террорчи гуруҳ деб эълон қилган. Бу гуруҳга тилакдош бўлган шахслар турк ҳукумати томонидан қамоққа олинмоқда ёки ишдан бўшатилмоқда.

Июль ойида муваффақиятсиз якунланган давлат тўнтариши урунишидан сўнг Туркияда минглаб одамлар қамоққа олинди, ўн минглаб одамлар эса ишдан ҳайдалди.

Мазкур воқеадан сўнг турк ҳукумати АҚШдан Гуланни экстрадиция қилишни талаб этган. Бироқ АҚШ бунинг учун Анқарадан Гуланнинг айбдор эканини исботловчи ҳужжатларни талаб қилган. Кейинроқ Туркия Адлия вазирлиги Гуланга алоқадор ҳужжатлар Вашингтонгга жўнатилганини маълум қилган эди.

XS
SM
MD
LG