Линклар

БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғинида Россия Ҳалабдаги ҳужумлар учун кескин танқид қилинди


Сурия шарқидаги Ҳалаб шаҳрида ҳаво ҳужумлари жадаллашар экан, Британия, Франция ҳамда АҚШ Россияни Суриядаги амалиётлари учун кескин танқид қилди.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг 25 сентябрда ўтказилган шошилинч йиғилишида АҚШнинг БМТдаги вакили Саманта Пауэр “Россия аксилтеррорни эмас, балки ваҳшийликни қўллаб-қувватлаяпти”, деди.

Сурия ҳукумати ўтган ҳафтада Ҳалаб шарқида янги амалиёт бошлаганини эълон қилган эди. Шаҳарда ҳозир 275 мингга яқин одам бор.

Россия ҳамда АҚШ кўмаги билан Сурияда эришилган ўт очишни тўхтатиш 19 сентябрь куни барбод бўлганидан бери Ҳалабда 230 дан ошиқ оддий фуқаро ҳалок бўлди. Бу ҳақда Лондондаги Сурия инсон ҳуқуқларини мониторинг қилиш гуруҳи хабар тарқатди.

Россия элчиси Виталий Чуркин Сурия кучлари Ҳалабдаги террорчиларни йўқ қилишга уринаётганини ҳамда иложи борича оддий фуқароларга зиён етказмасликка ҳаракат қилаётганини айтди. Вакил ҳаво ҳужумларида Россия кучлари ҳам иштирок этаётганини тилга олмади.

Чуркин яна қуролланган мухолифатчиларни ўт очишни тўхтатиш келишувини бузишда айблаб, Сурияда тинчлик ўрнатишнинг энди “деярли иложи йўқлигини” таъкидлади.

XS
SM
MD
LG