Линклар

logo-print

Озарбайжонда бугун мамалакт конституциясига президент Илҳом Алиев ва унинг оиласининг ҳукмронлигини мустаҳкамлайдиган ўзгартиришлар киритишга йўл очадиган референдум ўтказилмоқда.

Сайлов участкалари маҳаллий вақт билан эрталаб соат 8: 00 да очилди ва соат 19: 00 да ёпилади.

Референдумда овоз берувчилар таклиф қилинаётган 29 ўзгаришга ўз муносабатини билдириши керак. Сайловчилар ҳар бир ўзгаришга алоҳида овоз бера оладилар.

Таклиф қилинаётган ўзгартиришларнинг энг муҳими президентлик муддатини беш йилдан етти йилга узайтиришга оид масаладир.

Референдумда яна икки янги вице-президент лавозимини таъсис этиш масаласи кўриб чиқилади. Вице-президентларни тайинлаш ва ишдан олиш президент зиммасига юклатилади.

Амалдаги президент ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифасини парламент тасдиқловчи бош вазир эмас, балки биринчи вице-президент бажаради.

Яна бир таклиф президентга президентлик сайловларини эрта ўтказиш ҳамда парламентни тарқатиш ҳуқуқини беришни кўзлайди.

Президентликка номзодларнинг минимум ёши бекор қилинади, парламент депутатлигига номзодларнинг минимум ёши 25 дан 18 га туширилади.

Озарбайжон расмийлари бу ўзгартиришлар барқарорлик ҳамда демократия учун кераклигини таъкидламоқда. Мухолифатчилар ҳамда танқидчилар эса таклиф қилинаётган ўзгартиришлар Илҳом Алиев ва унинг оиласининг ҳукмронлигини мустаҳкамлашини айтмоқда.

Фаолларнинг фикрича, референдумдан олдин Озарбайжон ҳукумати журналистларга, фуқаролик жамиятига ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчиларга босимни кучайтирган.

XS
SM
MD
LG