Линклар

"Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"​ги қонунга 24 сентябрдан бошлаб ўзгартишлар киритилгани ўз мамлакатидан ташқарида яшаётган юз минглаб ўзбекистонликларни, айниқса, ўзи яшаб турган мамлакат фуқаролигига ҳам ўтиб олганларни қизиқтириши ва балки, ташвишга солиши табиий. Чунки қонуннинг янги талабига биноан чет давлат фуқаролигига ўтган шахс "Ўзбекистон фуқароси", деган мақомини автоматик тарзда йўқотади.

Бас, шундай экан, фуқароликни йўқотиш таҳдиди остида қолганлар қанча? Бу саволга дунёнинг барча мамлакатлари бўйича жавоб топиш мушкул, бироқ Озодлик Россия бўйича баъзи маълумотларни қўлга киритди.

Шу йилнинг январида Россия парламенти спикери Сергей Наришкин 2015 йилда Россия мигрантларни қабул қилиш бўйича дунёда биринчи ўринга чиққанини тўғрисида баёнот берган эди.

Расмий маълумотларга биноан, 2003-2015 йилларда Россия Федерацияси гражданлигини олган хорижликлар сони 8 миллиондан ортган.

Россиянинг миграция ва гражданлик масалалари билан шуғулланувчи қатор идораларидан Россия гражданлигига ўтган ўзбекистонликларга оид аниқ статистик маълумотлар олишнинг ҳозирча имкони бўлмади.

Россиядаги ”Олий иқтисодиёт мактаби” миллий тадқиқот университети эълон қилган ҳисоб-китобларга кўра, 1992-2013 йилларда Ўзбекистондан кетиб, Россия ватандошлигига ўтганлар сони 1 миллион 242 минг кишидан ошади. Бу рақамларга фуқароликни осонлаштирилган ва умумий тартибда олган ўзбекистонликлар кириши айтилган.

1 млн. 242 минг кишининг қанчаси ўз ихтиёри билан Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечгани (кечмоқчи экани) маълум эмас.

Россиядаги муҳожирлар муаммолари билан йиллар давомида шуғулланиб келаётган Москвадаги “Tong Jahoni” (ташкилот номи айнан шундай - ўзбекча - таҳр.) нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Валентина Чупикнинг Озодликка айтишича, 2014 йилда 50 минг ўзбекистонлик Россия гражданлигига ўтган.

Чупикка кўра, "Россия гражданлигига ўтганларнинг асосий қисмини рус тилида сўзлашувчилар ташкил этади".

2015 йилда Россия ўзбекистонликларга квота асосида гражданлик беришни деярли тўхтатган.​

Россия Ички ишлар вазирлиги қошидаги Федерал миграция департаментининг гражданлик масалалари бўйича бошқармаси бошлиғи Валентина Казакова ўзбекистонликларга Россия гражданлигини беришнинг умумий тартибини журналистлар олдида қилган чиқишида тушунтирган эди:

"Турмуш ўртоғи россиялик эмас, 2002 йил 1 июлдан кейин Россияда олий ўқув юртини битирмаган, Россияда туғилмаган ёки ота-онаси россиялик бўлмаган Ўзбекистон фуқароси “осонлаштирилган” тартибда Россия гражданлигига ўта олмайди. Паспорт олиш учун у вақтинчалик яшаш ҳужжати билан 5 йил Россияда яшаши шарт", деган эди Валентина Казакова.

Ўзбекистонлик Ирода бундан икки йил олдин Россия паспортини олгани ва шунинг учун ҳам Ўзбекистонга боришга қўрқиб тургани тўғрисида Озодликка куни кеча бундай шикоят қилган эди:

- Россия гражданлигини олган танишларимни, неча марта Ўзбекистонга борган бўлса, шунча марта аэропорт божхонасида соатлаб ушлаб ўтиришар экан, киришдаям, чиқишдаям муаммо экан. Улар “Нега Ўзбекистон фуқаролигидан отказ қилдинг?”, деб яна ички ишларга суҳбатга чақирилар экан. Хуллас, боришга иккиланиб турибман, деди Ирода.

"Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги қонунга киритилган ва 24 сентябрдан бошлаб кучга кирган ўзгартишлар амал қила бошласа, Ирода ва у каби Россия гражданлигини қабул қилган юз минглаб Ўзбекистон фуқароси автоматик тарзда Ўзбекистоннинг собиқ фуқаросига айланади.

24 сентябрдан кучга кирган ўзгаришларга мувофиқ хориж давлат ватандошлигини олган ҳар бир шахс 30 кун ичида бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ёки хориждаги консуллик идораларини хабардор қилиши керак.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG