Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:37

Ўзбек бокс юлдузи Руфат Рисқиев оëғидан ажради


Руфат Рисқиев.
Руфат Рисқиев.

Бокс бўйича жаҳон чемпиони "тошкентлик йўлбарс" Руфат Рисқиевнинг оёғи қорасон туфайли ампутация қилинди. Тошкентдаги 16-касалхонада қолаëтган кекса спортчи амалиëтдан сўнг секин-аста ўзига келаëтганини билдирди.

Таниқли ўзбекистонлик спортчи, ўрта вазндаги 1974 йилги бокс бўйича жаҳон чемпиони, бир неча карра СССР чемпиони Руфат Рисқиев икки ҳафтача аввал оёғида бошланган кучли оғриқ ортидан касалхонага олиб келинган. Вазиятни ҳаёт учун хавфли деб топган врачлар 18 сентябрь куни жарроҳлик амалиёти қилиб¸ унинг қорасонга чалинган ўнг оëғини кесиб ташлаган.

Тошкентдаги 16-сонли "Республика шошилинч тиббий ëрдам илмий маркази"да таниқли боксчига қилинган жарроҳлик амалиëти тафсилотларидан хабардор врачнинг Озодликка айтишича¸ 2013 йилда унинг оёғида ўрнатилган протез тромбозга олиб келган:

- Олдинроқ унинг томирларида аорта-сон ва сон-тиззада протезлаштириш амалиётлари ўтказилган эди. У кейинчалик тромбозга олиб келибди. Руфат акада мавжуд ишемияни ҳисобга олиб, ӯнг оёғини кесиб ташлаш жарроҳлик амалиёти ўтказилди, деди вазият билан таниш шифокорлардан бири.

Озодлик мухбири амалиëтдан сўнг шифохонада қолаëтган Руфат Рисқиевнинг ўзи билан боғланиб, ундан ҳол-аҳвол сўради.

- Раҳмат, Худога шукур, сал тетикроқман. Оёғимни кесиб ташлашди. Билмадим, уйда юрувдим. Озгина ҳаракат қилгандим, оёғим оғриди. Болнисага келсам, бир ҳафтадан кейин кесиб ташлашди. Аммо оёғим жуда оғриётган эди. Бошида оғриганида аҳамият бермай юраверибман. Кейин болнисага олиб кетишди, деди боксчи.

Руфат Рисқиев жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтгани, ҳозирда аҳволи барқарор эканлигини билдирди:

- Ҳозир кроватда ўтирибман, гаплашиб. 5-6 кун бўлди жуда яхши. Бемалол гаплашаяпман. Бошида оғриқдан гаплаша олмасдим ёки зўрға гаплашардим! 16-шаҳар шифохонасидаман, Чилонзорда. Ҳаммаси яхши, ҳозир реабилитация пайти – ҳар куни перевязка. Қачон жавоб беришларини билмайман. Камчилик йўқ - ҳамма шароитлари яхши, деди Озодлик тингловчи ва ўз мухлисларига соғлик-омонлик тилаган Руфат Рисқиев.

Суҳбат давомида у яқин дўстлари ва спорт идоралари мутасаддилари келиб, ҳолидан хабар олиб кетаётганини қўшимча қилди.

2 октябрь куни Руфат Рисқиев 67 ёшга тўлади. Бунгача ўзбек бокси юлдузининг касалхонадан чиқиш-чиқмаслиги ҳозирча номаълум.

"Тошкентлик йўлбарс" сифатида ном қозонган афсонавий ўзбек боксчиси, СССРда бокс бўйича биринчи жаҳон чемпиони унвонини олган Руфат Рисқиев ўз фаолияти давомида 189 марта жанг ўтказган ва улардан 174 тасида ғалаба қозонган.

Руфат Рисқиев кинодаги роллари билан ҳам ўзбекистонликларга яхши танилган. “Рингга чақирилади...” фильмида у ўзбек маҳалласидан чиқиб, жаҳон чемпиони бўлган ёш ўзбек боксчиси ролини ижро этган.

1997 йилда WBA ҳакамлар ҳайъати аъзолигига киритилган Руфат Рисқиев марказий осиёлик биринчи профессионал бокс ҳаками бўлган эди.

XS
SM
MD
LG