Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:03

Тожикистонда жазоси битган уч маҳкум Душанбедан ўзини Ўзбекистонга жўнатмасликни сўраяпти


Душанбедаги 3/4-сонли жазо колониясининг дарвозаси.
Душанбедаги 3/4-сонли жазо колониясининг дарвозаси.

Тожикистонда қамоқ жазоси битаёзган ўзбекистонлик уч маҳкум Душанбе расмийларидан ўзларини ватанга жўнатмасликни илтимос қилмоқда.

Саккиз йил аввал чегарани ноқонуний бузгани учун қамалган икки ўзбекистонлик жазо муддати тугаганидан кейин Ўзбекистонга бадарға қилингудек бўлсалар, у ерда қийноққа дучор қилиниши ва яна қамалиши мумкинлигидан хавотир изҳор қилган.

Душанбедаги 3/4-сонли жазо колониясида қамоқ муддатини ўтаётган Шерзод Қурбонов ва Нормаҳмад Ажабов бу борадаги илтимосномаларини БМТнинг Тожикистондаги идораси ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларига ҳам йўллаганлар.

Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилоятидан бўлган Шерзод Қурбонов 27 сентябрь куни Озодликнинг тожик хизмати билан суҳбатда уларнинг қамоқ муддати уч кун аввал тугагани, аммо ҳужжатлари Ўзбекистонга жўнатиш учун тайёр бўлгунича колонияда қолаверишларини айтган.

Қурбоновга кўра, 2009 йили у хотини, болалари ҳамда Нормаҳмад билан биргаликда қадамжоларни зиёрат қилиш учун пиёда йўлга чиққан, бироқ тожик-афғон чегарасидан ўтмоқчи бўлган пайтда Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида ушланиб, судланган.

- Ҳуқуқ-тартибот идоралари хотиним ва икки ўғлимни ўша пайтда Ўзбекистонга жўнатиб юборганди, - дейди Шерзод.

Тожикистон Адлия вазирлигининг Жазони ўташ бош бошқармаси ходими Озодликка маҳкумлар Қурбонов ва Ажабов тақиқланган Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига аъзоликда айбланиб қўлга олинган, айнан шунинг учун ҳам ватанига қайтарилишдан қўрқишаётганини билдирди.

Бу орада БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармасининг Душанбе идорасига худди шу каби илтимос билан бошқа бир ўзбекистонлик маҳкум ҳам мурожаат қилган.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига алоқадорлиги учун судланган Ўткир Эшонқулов қамоқдан озод қилинганидан кейин ўзини Ўзбекистонга бадарға қилмасликни сўрамоқда. Эшонқулов мулоҳазасича, агар у ватанига қайтарилгудек бўлса, қийноққа дучор қилиниши эҳтимоли катта.

Тожикистон мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан эълон қилинган сўнгги амнистияга мувофиқ, мамлакат қамоқхоналарида бўлган хорижий давлат фуқаролари озод қилиб юборилиши лозим.

Мазкур афв қарори асосида Тожикистонда 12 минг киши амнистия қилинган, улардан 3 минг нафари қамоқ жазосини ўтаётган кишилардир.

XS
SM
MD
LG