Линклар

logo-print

Москвага ишонган Бишкек солиқдан оладиган даромаднинг 35 фоизидан ажралди


Евросиё иқтисодий иттифоқи рамзи.

Евросиё иқтисодий иттифоқи рамзи.

Қирғизистоннинг Россия етакчилигидаги Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилгани ортидан мамлакат бюджети қаттиқ зарбага учради. Қирғизистоннинг мазкур иттифоққа киришига қарши бўлиб келган фаоллар бир неча йилдан бери айтиб келаётган бу гапни Бишкек расмийлари ҳам тасдиқлашга мажбур бўлмоқда. Жорий йилда Қирғизистон бюджетига тушаётган даромад миқдори 35 фоизга озайиб кетди.

Қирғизистон Молия вазири ўринбосари Алмаз Бакатаев мамлакат бюджетига тушаётган солиқ миқдорининг 33 фоизга озайиб кетганини Россияга нисбатан Ғарб давлатлари томонидан жорий этилган санкциялар билан боғлади:

-Энг биринчи сабаб-Россияга нисбатан жорий этилган санкциялар бизга қатор муаммоларни келтириб чиқарди. 2015 йилда 2014 йилга нисбатан солиқлар йиғими 33 фоизга озайиб кетган эди. Иттифоққа қўшилаётганда бюджетимизга жуда кўп солиқ келиб тушади, деб умид қилган эдик. Афсуски, санкциялар бунга тўсқинлик қилмоқда, -деди қирғиз расмийси.

Иқтисодчиларнинг айтишича, вазият шу тарзда давом этса, 2017 йилда ҳам Қирғизистон бюджети даромаднинг каттагина қисмидан маҳрум бўлади.

Қирғиз парламентида ўтказилган тингловда Қирғизистон Россия етакчилигидаги Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилгунига қадар бюджетга тушаётган солиқ миқдори ҳозиргига нисбатан бир неча баробарга кўп бўлгани аниқланди. Шундан келиб чиқиб, депутатлар ҳукуматни нотўғри иқтисодий сиёсат учун кескин танқид қилдилар.

-Биринчидан, биз иттифоққа киришга жуда шошилдик. Иккинчидан эса, ўша пайтда бош вазир, иқтисодиёт вазири бизга нотўғри иқтисодий таҳлилни тақдим қилгани мана энди билинаяпти. Иттифоққа қўшилаётганимизда Россия ва Қозоғистон қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг асосий истеъмолчисига айланиши ваъда қилинган эди. Ҳозир эса аксинча бўлаяпти, Қирғизистоннинг маҳсулотларини Россия ва Қозоғистонга ўткизмай, у ёқлардан бизга жўнатишаяпти, -деди парламент депутати Сайдулла Нишанов.

Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлган давлатлар ўртасида божхоналар олиб ташланган. Бож ва солиқ тўловлари Москвага йиғилиб, у ердан иттифоққа аъзо давлатларга улуш нисбатида бўлиб берилади. Қирғизистоннинг иттифоқдан оладиган улуши бож ва солиқ тўловларининг 2 фоизга етмаган миқдорини ташкил қилади.

Аммо мана шу миқдордаги даромаднинг ҳам 35 фоизга қисқариб кетгани иқтисодий жиҳатдан заиф бўлган Қирғизистонга берилган катта зарба бўлмоқда, дейишмоқда иқтисодчилар.

-Бу пенсия ва ойликлар, бошқа ижтимоий тўловлар кўтарилмайди, ижтимоий қурилишлар амалга оширилмайди, деганидир. Ижтимоий соҳа, яъни оддий одамлар энг кўп зарар кўради. Агар ҳукумат популистик сиёсат олиб бориб, тўловларни кўпайтирса, инфляция кучайиб, инқирозга юз тутилади. Евросиё иқтисодий иттифоқига шошлинч равишда ўйланмай туриб аъзо бўлганимиз мана шундай оқибатларга олиб келмоқда,-деди иқтисодчи Мейманбек Абдилдаев.

Қирғизистон Москва раҳнамолигида ташкил этилган Евросиё иқтисодий иттифоқига 2015 йилнинг 12 августидан бошлаб аъзо бўлган эди. Шу кундан бошлаб қозоқ-қирғиз чегарасида божхона тўсиқлари олиниб, савдо молларини олиб ўтиш эркин юритилиши айтилган.

2014 йил май ойида Россия, Беларус ва Қозоғистон Евросиё Иқтисодий Иттифоқини таъсис этиш ҳақидаги ҳужжатни имзолаган эди. Кейинчалик Арманистон иттифоққа қўшилди. Қирғизистон билан иттифоққа аъзо давлатлар сони бештага етди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG