Линклар

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон ва Хоразмга борди


Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев чоршанба куни Қорақалпоғистон мухтор республикаси ва Хоразм вилоятига сафар қилган.

“Ўзбекистон” телеканалининг “Ахборот” дастури хабарига кўра, сафар чоғида Мирзиёев Тахиатош иссиқлик электр станциясида бўлиб, бу ерда олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишган.

Муваққат президент пойтахт Нукус бош планининг амалга оширилиши билан ҳам қизиққан. Қорақалпоғистонга сафар доирасида Мирзиёев Кегейли туман фермерлари билан учрашиб, дала ишларининг бориши билан ҳам танишган.

Мухтор республика фаоллари билан учрашув чоғида Шавкат Мирзиёев минтақа экспорт салоҳиятини ошириш, пахта ҳосилини қисқа муддатда териб олишни ташкиллаштириш, ижтимоий объектлар ва турар-жойларни кузги-қишки мавсумга тайёрлаш каби масалаларни муҳокама қилган.

Шу куннинг ўзида Хоразмга борган Мирзиёев Урганчда яқин йилларда қурилажак кўп қаватли уйлар лойиҳалари билан танишган.

Қўшкўпир туманида бўлган муваққат президент дала ишлари билан танишиб, фермерлар билан ҳосилдорликни ошириш ва сув заҳираларидан оқилона фойдаланиш ҳақида суҳбатлашган.

Сўнгги кунларда Ўзбекистонни айланиб юрган Мирзиёев бир неча жойда ҳокимларни ишдан олгани ҳақида Озодлик аввалги дастурларида хабар қилганди. Қорақалпоғистон ва Хоразмда ҳам шу каби иш амалга оширилганми-йўқми – бу ҳақда “Ахборот”нинг кечаги дастурида хабар берилмаган.

XS
SM
MD
LG