Линклар

Тошкентлик ҳайдовчилар бир-бирларига ўзаро беминнат хизмат кўрсатмоқда


Тошкент кўчаларидан биридаги автомашиналар.

Тошкент кўчаларидан биридаги автомашиналар.

Интернет ҳамжамият орасида машҳур бўлган “Водители Ташкента” гуруҳи фаоллари пойтахт ва мамлакат йўлларида техник носозлик туфайли ҳаракатлана олмай қолган ҳайдовчиларга ўзаро беминнат ёрдам хизматини йўлга қўйди. Facebook тармоғида ташкил этилган мазкур гуруҳнинг аъзолари сони 86 минг кишидан кўпроқдир.

Ижтимоий тармоқда ҳайдовчилар орасида машҳур бўлган “Водители Ташкента” гуруҳи ҳайдовчиларга ўзаро ёрдам кўрсатиш хизматини йўлга қўйди. Агар бирон бир ҳайдовчи аккумулятори ўтириб қолгани, балони тешилгани ёки бошқа бир носозлик туфайли ҳаракатни давом эттира олмай қолса, гуруҳ қошида ташкил этилган ёрдам телефонига мурожаат қилиши мумкин.

-Дастлаб биз бу хизматни Telegram’да ташкил қилган эдик. Биз бир-биримизга ёрдам беришни асосий мақсад қилиб қўйганмиз. Шунинг учун бу хизматни телефон орқали ҳам йўлга қўйдик. Яъни Telegram йўқ бўлса, ҳайдовчи бевосита телефон орқали мурожаат қилиши мумкин, -деди “Водители Ташкента” гуруҳи асосчиларидан бири Юрий Тигай.

Унга кўра, техник ёрдам сўраётган ҳайдовчиларга ёрдам бошқа бир кўнгилли ҳайдовчи томонидан кўрсатилади ва бунинг учун ёрдам сўраган ҳайдовчидан ҳеч қандай ҳақ олинмайди.

-Ёрдам кўрсатувчилар бизнинг гуруҳимиз аъзоларидир. Уларнинг ҳар бирининг ўз иш жойи бор. Улар ёрдам сўраган ҳайдовчига яқинроқ жойда бўлсалар ёки шунчаки зерикиб ўтирган бўлсалар тезда ёрдамга етиб борадилар. Хизмат ишга тушгандан бери кунига ўнга яқин одам телефон қилаяпти, уларнинг ҳеч бири ёрдамсиз қолгани йўқ. Ҳайдовчилар ҳар доим бир-бирларига ўзаро ёрдам кўрсатишга ҳаракат қиладилар, -деди Юрий Тигай.

Суҳбатдошимизга кўра, ёрдамга мухтож ҳайдовчилар бу хизматдан эрталабки соат саккиздан кечки соат 11гача фойдаланишлари мумкин.

-Ҳозир асосан аккумулятори ўтириб қолганлар ёрдам сўрамоқда. Аммо сезишимча, қишда бензин тақчиллиги бошланганидан сўнг бензин сўраб ҳам телефон қила бошлашади, -деди Юрий Тигай.

Ўзбекистонда сўнгги йиллада вақти-вақти билан бензин тақчиллашиб қолиши одатий ҳолга айланиб бормоқда. Юрий Тигайдан “Водители Ташкента” гуруҳи бу муаммони бартараф этилишига ҳам эътибор қаратадими, деб сўрадик. У “Йўқ, бу давлатнинг иши. Биз бунга аралашмаймиз”, деб жавоб берди.

Facebook тармоғида бир неча йил аввал ташкил этилган ва ҳайдовчилар орасида оммалашган “Водители Ташкента” гуруҳининг 86 мингдан ортиқ аъзоси бор. Гуруҳ аъзолари ўзаро Ўзбекистон автомобилсозлигидаги мавжуд масалалар, автомобилларга оид янгиликлар билан ўртоқлашиб, бир қатор муаммоларни ҳам муҳокама қилиб келадилар.

Гуруҳ аъзолари турли акцияларни ҳам ўтказади. Масалан, сўнгги марта шу йилнинг сентябрь ойи ўрталарида “Водители Ташкента” гурҳининг фаоллари Намангандан Самарқандга велосипедда 521 километрлик йўл босиб, президент Ислом Каримовнинг қабрини зиёрат қилиб қайтган 76 яшар Ҳусан Ҳожибоевга янги велосипед ва холодильник совға қилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG