Линклар

Татаристонда диндорлар ғазабига учраган хонанданинг концерти бекор қилинди


Хонанда Резеда Ганиуллинанинг "Жоним" клипидан лавҳа.

Хонанда Резеда Ганиуллинанинг "Жоним" клипидан лавҳа.

Татаристон пойтахти Қозон шаҳрида хонанда Резеда Ганиуллинанинг маҳаллий филармония биносида 13 октябрь куни ўтиши керак бўлган концерти бекор қилинди. Концерт бекор қилиниш сабаблари очиқланмаяпти. Аввалроқ Резеданинг “Жоним” номли клипи маҳаллий дин пешволари эътирозига сабаб бўлганди.

Хонанда Резеда Ганиуллинанинг “Жоним” клипи Булғор шаҳридаги Оқ масжид фонида олинган. Унда қўшиқчи араб раққосалари кийимида намоён бўлади ва рақсга тушиб, хониш қилади.

Резеда Ганиуллинанинг "Жоним" клипи.

Клип ёйинланганидан кейин Кабан орти масжиди имоми Саиджағфар Лутфуллин ижтимоий тармоқлар орқали хонандани танқид қилиб чиқди. У Резедани “стриптизчи” деб атаб, буни “татар халқи учун шармандали ҳол” эканини урғулаган. Бу борада баҳс-мунозара кучайиши қабатида Лутфуллин Фейсбук тармоғидаги ўз саҳифасини ўчириб ташлаган.

Имом Саиджағфар Лутфуллин.

Имом Саиджағфар Лутфуллин.

Хонанданинг танқидчилари унинг арабча рақс тушганидан кўра кўпроқ бу иш масжид фонида амалга оширилганига эътироз билдирмоқдалар.

Резеда Ганиуллинанинг ўзи ўтган шанба Озодликка берган интервьюсида Оқ масжид фонида олинган клипидаги ҳолатдан таассуф изҳор қилган.

- Қай бир маънода мен қаердадир нотўғри иш қилганимни ва бу билан, татаристонликлар фикрича, уларнинг диний қарашларини таҳқирлаганимни кўриб турибман. Биласизми, бу борада ижобий фикрлар жуда кўп ва салбий фикрлар анча оз. Салбий фикрни асосан диндорларимиз билдираяпти. Улар Фейсбукда “ярим-яланғоч стриптизчи масжид олдида рақс тушаяпти” каби ёзувларни ёзиб чиқишибди. Ваҳоланки, менда ҳеч қанақа ёмон ният йўқ эди, клипни ўз тушунчамдан келиб чиққан ҳолда олгандим. Менинг масжид ҳудудида клип олишимга ҳеч ким тўсқинлик қилгани йўқ. Мен бу жанжални шу қадар шишириб юборамиз, деб ўйламагандим, - дейди Резеда Ганиуллина.

“Жоним” клипи туфайли кўтарилган жанжал ортидан хонанда расман узр сўраган ва барча жойдан ўз видеоролигини олиб ташлаган. Шунга қарамай, унга нисбатан зуғумлар камаймаган.

Сўнгги кунларда турли босимлар сабабли соғлиғи ёмонлашганини, касалхонага ётиб даволанмоқчилигини қайд этган Резеда октябрь ойидаги концертини ким бекор қилганини айтишдан бош тортмоқда.

Айни пайтда Татаристон Мусулмонлар диний идораси Резеда Ганиуллинанинг концерти бекор қилинишига алоқаси йўқлигини билдирмоқда.

Аввалроқ Россиянинг Татаристондаги тергов қўмитаси “Жоним” клипи бўйича текширув бошлагани хабар қилинганди. Дастлабки тергов тахминларига, қўшиқчи Резеда Ганиуллина қонунчиликнинг виждон ва дин эркинлигига алоқадор моддасини бузган бўлиши ва бу иш судга ошиши мумкин. Аснода Татаристон Мусулмонлар диний идораси хонандага нисбатан бундай қаттиқ чора кўриш шарт эмаслиги, танбеҳ билан чекланиш мумкинлигини урғуламоқда.

Ўз клиплари ва суратларида “миллий зеҳниятга мувофиқ либос”да чиқмаган хонандалар аввалроқ Ўзбекистонда ҳам танқидга учраган. Эстрада қўшиқчилари Лола Йўлдошева, Райҳон, Азиза Ниёзметова ва Тамила шулар жумласидандир.

XS
SM
MD
LG