Линклар

Тошкент аэропорти янги халқаро терминалини қуришга Жанубий Корея $250 млн. берадиган бўлди


Тошкент ва Сеул чоршанба куни Ўзбекистондаги янги инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ўзаро англашув меморандумни имзолади.

Бу ҳақда Корея Республикасининг Yonhap агентлиги хабарига таяниб, маҳаллий нашрлар хабар қилди.

Айтилишича, икки мамлакат молия вазирлари Рустам Азимов ва Ю Ил Хонинг Сеулда бўлиб ўтган музокараларида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда Ўзбекистондаги лойиҳаларда Жанубий Корея компаниялари иштирокини кенгайтириш масалалари муҳокама қилган.

Меморандумга мувофиқ, Корея Республикаси ҳукумати имтиёзли заёмлар ажратиш йўли билан ривожланаётган мамлакатларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 1987 йили ташкил этилган Ҳамкорлик ва иқтисодий тараққиёт давлат жамғармаси орқали 250 млн доллар миқдорида маблағ ажратади. Мазкур маблағлар Тошкент аэропортининг янги халқаро терминали қурилиши ҳамда миллий маълумотлар маркази ташкил этилиши учун сарфланади. Ўзбекистон томонидан лойиҳага 100 млн доллар ажратилади.

Ўзбекистон Жанубий Кореянинг Марказий Осиёдаги йирик савдо шерикларидан ҳисобланади. Ўтган йили икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси ҳажми 1,3 млрд доллар, бир йил аввал эса 2,1 млрд долларни ташкил этган.

XS
SM
MD
LG