Линклар

Ўзбекистон Президенти сайловида қатнашиш истагини билдирган тўрт сиёсий партия ўз тарафдорлари орасида имзо йиғмоқда. Тошкент шаҳри Олмазор тумани электр таъминоти корхонасидаги қинғирликлар фош этилди. Жорий йилда Ўзбекистонга 24 ҳолатда қизамиқ касаллигининг кириб келиши қайд этилди. Жорий ҳафтада матбуот мана шу ҳақда ёзди.

Сиёсий партиялар президент сайловида қатнашиш учун камида 214 минг 350 та имзо йиғишга киришди

Ўзбекистон Президенти сайловида қатнашиш истагини билдирган тўрт сиёсий партия ўз тарафдорлари орасида имзо йиғмоқда. Бу ҳақда бир қатор матбуот нашрлари хабар берди.

Президентликка ҳар бир номзод умумий сайловчиларнинг камида 1 фоизи имзосини йиғиши керак. Марказий сайлов комиссиясига кўра, Ўзбекистонда 21 миллион 435 минг нафар сайловчи бўлиб, ҳар бир номзод камида 214 минг 350 та имзо йиғиши талаб этилади.

Қайд этилишича, имзо йиғиш сайловчиларнинг иш ва яшаш жойи ва сайлов олиб бориладиган ҳудудларда давом этмоқда. Жараён 20 октябрда тугалланиши лозим.

Сайлов қонунчилигига 2015 йил 29 декабрда киритилган ўзгартиришга қадар номзодлар сайловчиларнинг камида 5 фоизи имзосини тақдим этиши керак эди.

Тошкентдаги электр таъминоти корхонасида қинғирликлар фош этилди

Тошкент шаҳри Олмазор тумани электр таъминоти корхонасидаги қинғирликлар фош этилди (“Ҳуқуқ”, 29 сентябрь).

Тумандаги “Барака ютуқ” фирмасининг электрдан 191 миллион қарзи бўлгани ҳолда, 3,7 миллион сўм маблағ ундирилган, 187 миллион сўм эса электр корхонаси раҳбари Шерзод Мамажонов бошчилигидаги гуруҳ томонидан талон-тарож этилган. Шунингдек, “Биллур текс” фирмасининг электрдан 271 миллион сўмлик қарзидан кўз юмилган.

Ш.Мамажонов Тошкент шаҳар электр тармоқлари ва “Чорбоғ ГЭС қурилиш” корхоналари мансабдорлари билан тил бириктириб, капитал таъмирлашдан ҳам 19 миллион сўм ўзлаштирган.

Қайд этилишича, “ҳотамтой” мансабдор Ш.Мамажонов хизмат вазифасига совуққонлик билан қараб, хонадонлардан қарздорлик бартараф этишга эътибор қаратмаган. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судланувчиларга тегишли жазо тайинлагани хабар қилинган.

Ўзбекистоннинг чегара ҳудудларида эпидемиологик назорат кучайтирилди

Жорий йилда Ўзбекистонга 24 ҳолатда қизамиқ касаллигининг кириб келиши қайд этилди (“Даракчи”, 29 сентябрь).

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош шифокори Дилором Турсуновага кўра, шу боис чегара ҳудудларида эпидемиологик назорат кучайтирилган. Беморларга эса аэропротнинг ўзида тиббий ёрдам кўрсатилган.

Бош шифокор гепатит А хасталигига қарши курашни кучайтириш лозимлигини ҳам эслатиб ўтган.

“Бизнинг республикамиз гепатит А билан оғришнинг эндемик ҳудуди ҳисобланади. Бу вирус асосан кузда ва қишда тарқалади... Биз ота-оналарнинг хоҳишига қараб, ушбу вакциналарни пуллик марказлардан олишларини тавсия қиламиз”, дейди Д.Турсунова.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG