Линклар

logo-print

Чортоқлик Фотима эгизини каналга чўктириб юборганликда айбланмоқда


Наманган ўликхонасидан юборилган фотосурат

Наманган ўликхонасидан юборилган фотосурат

Наманган вилоят прокуратураси айни вилоятнинг Чортоқ туманида истиқомат қилувчи 19 яшар Фотима Умматалиевани қасддан одам ўлдиришда айбламоқда.

Наманган вилоятидаги ички ишлар ходимларининг Озодликка маълум қилишларича, Фотима ўз эгизи Зуҳрани оёғига тош боғлаб, Наманган каналига чўктириб юборган.

Уларнинг тахминига кўра, ҳодиса сентябрь ойи ўрталарида Чортоқ тумани Ойқирон қишлоғи ҳудудидан ўтувчи Наманган канали бўйида юз берган.

Наманган шаҳар ички ишлар идораси ходимининг Озодликка айтишича, Умматалиева Фотимани қотилликка эгизи Зуҳранинг руҳий беморлиги ундаган бўлиши мумкин.

Зуҳрани Тошкентга олиб боришган. У ердаги шифокорлар руҳий бемор қизнинг соғайиб кетишига умид йўқлигини айтишган. Ўшандан кейин Фотима ўз синглисини ўлдириш пайига тушган.Сентябрь ўрталарида Зуҳранинг оёқ-қўлини боғлаб, Наманган-Чортоқ автомобиль йўли орқали Ойқирон қишлоғидан ўтувчи Наманган канали бўйига олиб борган. Ўша ерда оёғига тош боғлаб, қопга солиб, сувга ташлаб юборган,” деди Наманган шаҳар ИИБ ходими.

Озодлик мобиль мухбирининг тиббий экспертиза мутахассисига таяниб айтишича, Зуҳра Умматалиеванинг жасади орадан “10-15 кун ўтиб”, Наманган шаҳридан ўтувчи каналдан топилган.

Жасад Наманган шаҳар ўликхонасида уч кун сақланган.

Фотима Зуҳрани оёғига тош боғлаб, қопга солиб каналга ташлаган

Фотима Зуҳрани оёғига тош боғлаб, қопга солиб каналга ташлаган

Мобил мухбирнинг Наманган шаҳар ўликхонасидан юборган фотосуратларда Зуҳрага тегишли бўлган оёқ кийим ва либосларни, унинг оёғини боғлаш учун ишлатилган тошлар ва қопни кўриш мумкин.

28 сентябрда ўтказилган тезкор-қидирув амалиёти натижасида милиция ходимлари қотилликда гумон қилиб, марҳумнинг эгиз опаси Фотима Умматалиевани ҳибсга олган.

Чортоқ туман ички ишлар идораси ходимининг Озодликка маълум қилишича, “қўлга олинган куннинг ўзидаёқ қиз ўз қилмишига иқрор бўлган”.

Милиция ходимининг илова қилишича, айни куни Фотима Умматалиевага Наманган вилояти прокуратураси томонидан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 97 моддаси 2-банди, яъни қасддан одам ўлдириш айблови қўйилган.

Озодлик Наманган вилоят прокуратурасидан тергов иши юзасидан изоҳ ололмади.

Айбдор деб топилса, Фотима Умматалиева 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG