Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:01

Теримчиларни итхонага тиққани даъво қилинган Чиноз ҳокими ишдан бўшатилди


Пахта нормасини бажармаган отряд ва бюджет ташкилотлари бошлиқларини жазо тариқасида Чиноз туман Ички ишлар бўлими итхонасига қамаб қўйгани ҳақидаги шикоятлар ортидан Чиноз тумани ҳокими Маҳмуд Эшонов вазифасидан бўшатилди.

Чиноз ҳокимиятининг исми сир қолишини истаган мулозими Озодлик билан суҳбатда жаноб Эшоновнинг 30 сентябрь ишдан олинганини тасдиқлади.

– Кеча у лавозимидан олинди. Ўринларига биринчи муовини бўлиб ишлаган Отабек Исроилов вақтинча ҳоким этиб тайинланди, - деди Чиноз ҳокимиятининг исми сир қолишини истаган мулозими.

Маҳмуд Эшонов Чиноз туманига 2013 йилда ҳоким этиб тайинланганди.

Чинозликлар Эшоновни пахта нормасини бажармаган отряд ва бюджет ташкилотлари бошлиқларини аёвсиз жазолаб келганидан шикоят қилишади.

Ишдан олинишидан бир кун аввал Маҳмуд Эшонов пахта теримига оид йиғилишда Чиноз поликлиникаси бош врачи Бахтиёр Довурбоевни "пахта режасини бажармаётгани учун" ҳақоратлаб, ишдан ўз ихтиёри билан бўшаш ҳақида ариза ёздириб олгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Бундан аввал Озодликка исми сир қолиши шарти билан ёзма шикоят қилган чинозликлардан бири пахта режасини бажармаган отряд ва ташкилот раҳбарларини ҳоким Чиноз тумани ИИБсига қарашли итхонада эрталабгача қамаб қўйганини даъво қилганди.

“Чиноз ҳокими Эшонов, ИИБси бошлиғи ва прокурори билан бирга 1937 йилги қатағон давридагидек ҳеч бир қонунда пахта терим мажбурийлиги бўлмаса-да, мана уч кундирки, берилган режани бажармаган отряд раҳбарлари ва ташкилот раҳбарларини Чиноз тумани ИИБсига қарашли итхонада эрталабгача қамаб қўймоқда. Бу нима дегани? Мирзиёевни қатағони бошланди деганими? Каримов тириклигида бундан юмшоқроқ эди”, - деб ёзди чинозликлардан бири Озодликка.

Чинозда пахта режасини бажармаганлар туман ИИБси итхонасида ушлаб ўтирилгани ҳолатини тумандаги мактаблардан бирининг директори ҳам Озодликка сўзлаб берди.

- Тўрт кун олдин пахта штабида ўтказилган селектрдан сўнг, кечқурун 11да Чиноздаги 1, 3, 40-сонли мактаб раҳбарлари, шунингдек Қурилиш коллежи пахта отряди раҳбарларини, пахтани кам терган ўқитувчиларни ИИБга олиб кетишди ҳокимни буйруғи билан ва у ерда кечқурун 2-3 ларгача ушлаб ўтиришган, итхонада. Бу улар нормани бажармагани учун жазо экан, - деди Чиноздаги мактаблардан бирининг директори.

Лекин, Чиноз Ички ишлар бошқармасидагилар ҳам, Чиноз тумани ҳокимиятидагилар ҳам, бу иддаоларни кескин рад этишган.

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда пахта терими мажбурий эмаслигини айтиб келади.

Ўзбекистон касаба уюшмаси федерациясининг "Пахта йиғим-теримида қатнашиш мажбурий эмас, ихтиёрий ҳисобланади", деган баёноти шу ҳафта оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган.

Пахта йиғим-теримига боғлиқ барча саволлар бўйича +998 71 200−06−01 рақамли ишонч телефонларига қўнғироқ қилиш мумкинлиги ҳам қўшимча қилинган.

XS
SM
MD
LG