Линклар

Мирзиёев: "Президентимиз яратиб берган нурли йўлдан қайрилмаймиз"


Шавкат Мирзиёев

Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев марҳум президент Ислом Каримов яратиб берган “нурли йўлдан” қайтмаслигини билдирди.

Шавкат Мирзиёвнинг бу мавқеси 1 октябрда Сирдарё вилояти Гулистон туманидаги “Ирода нияти” номли хўжаликда маҳаллий фермерлар билан учрашуви чоғида янгради.

“Ўзбекистон” телеканалининг “Ахборот” дастурида намойиш этилган телелавҳада Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг турли минтақаларига сафарларидан ягона мақсади – одамлар тинчлигини сақлаш эканини айтди:

Ҳамма ерга бориб, одамлар билан тик гаплашишимиздан мақсадимиз битта – одамлар тинч яшаши керак. Президентимиз яратиб берган нурли йўлдан қайрилмаймиз. Ҳеч ким бизни бурилтиролмайди, синмаймиз ҳам. Мана шу - энг катта масала. Ҳеч қачон синмаймиз!” деди Шавкат Мирзиёев.

(Мазкур видео тасвирлар "Ўзбекистон" телеканалининг "Ахборот" дастуридан олинди)

Шавкат Мирзиёев, марҳум президент, ўз таъбирида, “ёнимизда тургандек”, деб айтди.

Мана шу президентимиз ҳаёт. Барқарор шуни давом қиламиз. Ҳар куни шу инсон билан маслаҳат қилиб, ёнимизда тургандек... Ёнимизда маслаҳат бериб... Фақат улар руҳи шод бўлиб, ҳаётда бекор яшамаган экан-ку мен, деган шу ниятларини биз шу эшитсак... Барибир шу худо таолодан эшитамиз. Худо таолодан нима ҳисобидан эшитамиз? Халқимиз розилигидан. Агар халқимиз рози бўлса, президентимиз ана шу ниятлари амалга ошади. Ана шу учун биз бутун вужудимиз билан ҳаракат қиламиз,” деди Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи.

Фермерлар билан учрашуви чоғида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ҳукумати келажакда териб олинган пахтанинг 70 фоизини пахтага ихтисослашган туманларнинг ўзида қайта ишлашни режалаштираётганини маълум қилди.

Биз қарор тайёрлаяпмиз. Ҳар бир пахта ишлаб чиқараётган районда 70 фоиз пахта толасини районда ишлаб чиқарамиз. Фабрикалар қурамиз. Буюм чиқараётган. Охирги маҳсулот чиқараётган. Фермерни ўша текстил комбинатнинг аъзоси қиламиз. Келади шу кунлар,” дея ишонч билдирди Мирзиёев.

Электр энергияси ва уй-жой

Сирдарё вилоятига сафари жараёнида Шавкат Мирзиёев Ширин шаҳрида жойлашган Сирдарё Иссиқлик Электр Стантсиясини (ИЭС) ҳам кўздан кечирди.

35 йил муқаддам фойдаланишга топширилган ушбу ИЭС Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг учдан бирини беради.

Марҳум президент Ислом Каримов қарорига мувофиқ, 2014 июлидан 2015 йил мартига қадар ИЭСда мавжуд ўнта энергоблокдан иккитаси қайта таъмирланган.

"Ўзбекистон" телеканали "Ахборот" дастурида хабар берилишича, Шавкат Мирзиёев мутахассислар билан учрашаркан ИЭС қувватини ошириш масалаларини муҳокама қилган.

Шавкат Мирзиёевнинг Сирдарё иссиқлик стантсиясига сафари Ўзбекистон аҳолиси куз ва қиш мавсумларида сурункали электр тақчиллигига дуч келаётган бир даврга тўғри келмоқда.

2010 йилда Ўзбекистон Марказий Осиё Ягона энергетика тизимидан чиққанидан буён мамлакатда айниқса куз ва қиш мавсумларида газ ва электр тақчиллиги кузатилмоқда.

Ўзбекистон ҳукумат энергия мустақиллигига тўла эришганини таъкидласа-да, қишда мамлакатнинг деярли барча шаҳар ва қишлоқлари ўтин ва кўмирга ўтади.

"Ахборот" дастурига кўра, Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилояти маркази - Гулистон шаҳрида кам таъминланган оилалар учун кўп қаватли уйлар қуриш лойиҳалари билан ҳам танишиб чиққан.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG