Линклар

Тожик мухолифатчисининг Қирғизистонда қўлга олинган рафиқаси 22 соатдан сўнг озод этилди


Жанет Хамзаева.

Жанет Хамзаева.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати 2 октябрга ўтар кечаси Истанбулдан Бишкекка келганида “Манас” аэропортида қўлга олинган тожик мухолифати фаоли Собир Валиевнинг хотинини ҳибсдан озод қилди. Бу ҳақда маълум қилган Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизматининг билдиришича, Жанет Хамзаева Собир Валиевга нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан сўроқ қилиниш учун олиб келинган, кейин қўйиб юборилган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизматининг билдиришича, 1988 йилда Тожикистонда туғилиб, кейинчалик Қирғизистон ватандошлигини қабул қилган Собир Валиевга “давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш”, “лавозимидан ўз манфаати учун фойдаланиш” каби моддалар билан жиноят иши очилган. Маълумотномада Валиевга Қирғизистон фуқаролиги ҳам ноқонуний берилгани айтилади.

Хавфсизлик хизматига кўра, ўтган йилнинг 15 сентябрида Собир Валиев Қирғизистонни тарк этгани муносабати билан жиноят иши вақтинчалик тўхтатилган. Собир Валиевнинг хотини Жанет Хамзаева Бишкекка келгани муносабати билан жиноят иши қайта очилиб, у сўроққа чақирилган. Бундан ташқари Жанет Хамзаеванинг онаси Лилиана Кимнинг уйида тинтув ўтказилган.

Маълумотда Собир Валиев бир неча йил аввал Тожикистонни тарк этиб Қирғизистонга келгани, бу ерда у Қирғизистон ватандошлигини қабул қилгани, Жанет Хамзаева билан беш йил олдин турмуш қургани ҳам айтилади.

Бишкекдаги “Килим шами” нодавлат ташкилоти раҳбари Азиза Абдурасулова Жанет Хамзаева Миллий хавфсизлик хизмати томонидан 22 соат ҳибсда ушлаб турилганини айтди. Азиза Абдурасулова 22 соат давомида Хамзаеванинг олдига адвокатлар, ҳуқуқ фаоллари киритилмагани, унинг онаси уйи ҳам адвокатларсиз тинтув қилингани ноқонуний бўлганини таъкидлади.

28 ёшдаги Собир Валиев Тожикистонда тақиқланган “Группа 24” мухолифат гуруҳининг аъзоси бўлган. У Европа давлатларида, Россия ва Туркияда гуруҳ томонидан Тожикистон ҳукуматини демократик ислоҳотларга чақириш мақсадида ўтказилган қатор тадбирларда иштирок этган.

Ҳозирда Варшавада истиқомат қилувчи Собир Валиев ўтган ҳафта Польша пойтахтида бўлиб ўтган ЕХҲТ анжуманида Тожикистондаги инсон ҳақларига оид вазиятни танқид қилганди.

Расмий Душанбенинг илтимоси билан Валиев 2015 йилда Молдова пойтахти Кишиневда қўлга олинган ва бир ой ҳибсда сақланган эди. Кейин у суд ҳукми билан озод қилинган.

“Группа-24” ҳаракати 2014 йилда Тожикистон Олий суди томонидан экстремистик ташкилот сифатида эълон қилинган ва гуруҳ фаолияти тақиқланган эди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизматининг маълум қилишича, Валиевга нисбатан жиноят иши ҳам расмий Душанбенинг мурожаатидан сўнг очилган.

Human Rights Watch халқаро ташкилоти Жанет Хамзаеванинг қўлга олинишидан ташвиш билдириб, Бишкек ҳукуматига мурожаатнома йўллаган эди.

Жанет Хамзаеванинг ўзи билан ҳозирча журналистлар боғлана олмаяпти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG