Линклар

Ўтган жума куни Россиянинг Оренбург вилояти Оқбулоқ тумани (Акбулакский район) прокуратураси мазкур вилоятга 12,5 тонна нос киритишда гумон қилинаётган 4 нафар ўзбекистонлик ҳибсга олинганини маълум қилди.

Оренбург вилояти прокуратурасининг расмий сайтига кўра, Ўзбекистон ватандошлари 2016 йил июнида автобусда “Сагарчин-автодорожный” назорат-ўтказиш пунктидан ўтаётган пайтда Россия хафсизлик хизмати (ФСБ) ходимлари томонидан қўлга олинган.

Оренбург вилояти чегара хизмати расмийларига кўра, 12,5 тонна носни киритишга уринган 4 кишидан 3 нафари аёл бўлган.

Оренбург вилояти Оқбулоқ тумани суди ўзбекистонликларга нисбатан Россия Жиноят кодексининг 238- моддаси, 2- қисми ( “сотиш мақсадида инсон ҳаёти ва соғлиғи талабларига жавоб бермаган маҳсулотни олиб ўтиш”) бўйича жиноий иш қўзғатди.

Носфуруш ўзбекистонликлар Оренбург вилоятида биринчи марта маҳкамага тортилаётгани йўқ.

2016 йил августида Оренбург Марказий тумани суди нос сотишда айбланган Ўзбекистон ватандошини 200 минг рубл жаримага тортганди.

Россия чегара бошқармаси матбуот хизматига кўра 2016 йилда Қозоғистондан Россияга 20 маротаба нос олиб ўтиш уриниши бартараф этилган. Ушбу манба маълумоти бўйича жорий йилда чегара ҳудудида 40 тонна нос мусодара этилган.

Россияда меҳнат муҳожирлари сони ортиши баробарида носкашлик Россия шаҳарларида нафақат марказий осиёликлар, балки маҳаллий ёшлар орасида ҳам кузатилмоқда.

Яқинда Россия бош вазирининг ёрдамчиси, "Роспотребнадзор" собиқ раҳбари Геннадий Онишченко, “вейплар” яъни электрон сигаретлар қатори носни ҳам Россияда тақиқлаш таклифи билан чиқди.

Бундан бир неча йил олдин россиялик бир гуруҳ сиёсатчилар носни “енгил наркотик” тоифасига киритиш таклифи билан ҳукуматга мурожаат қилишган эди.

Россия ҳудудига келтирилиши тақиқланган бўлса ҳамки, автобус ва поездларда яширинча Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келтирилади.

Россиянинг турли шаҳарларида меҳнат муҳожирлари гавжум бозор ва савдо марказларида ярим яширин нос сотувчиларини учратиш мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG