Линклар

Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиқиш жараёни бошланди


Азимжон Асқаров Чуй вилоят судида.

Азимжон Асқаров Чуй вилоят судида.

Қирғизистоннинг Чуй вилоят суди Ўш воқеаларида тартибсизликларни уюштирганлик ва милиция ходимини ўлдирганликда айбланиб умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Азимжон Асқаров ишини 4 октябрдан бошлаб қайта кўриб чиқишни бошлади. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси жорий йилнинг апрелида Азимжон Асқаров ишини ўрганиб чиқиб, ҳуқуқ фаоли ноқонуний қамоқда сақланмоқда, деган хулосага келган ва Қирғизистон ҳукуматини Асқаровни озод қилишга чақирган эди. Шундан сўнг Асқаров иши қайта кўриб чиқиш учун Чуй вилоят судига жўнатилган.

Суд Асқаровни қамоқдан озод қилиш талабини рад этди

Азимжон Асқаровга нисбатан суд жараёни Жазони ўташ бош бошқармасининг Бишкекдаги департаменти биносида бўлиб ўтмоқда.

Суд ўз ишини бошлаганидан сўнг Азимжон Асқаровнинг адвокатлари Нурбек Токтакунов ва Валериан Вахитов БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси қароридан келиб чиқиб, ҳуқуқ фаолини қамоқдан озод қилиш ва унинг ишини қайта терговга жўнатишни талаб қилдилар. Жабрланувчи тараф эса адвокатларнинг бу талабига норозилик билдирди.

Суд бир соатлик маслаҳатлашувдан сўнг Азимжон Асқаровни қамоқдан озод қилиш ва унинг ишини қайта терговга жўнатиш талабини қаноатлантирмаслик тўғрисида қарор қабул қилди.

Асқаров: Гувоҳларни ва мени ёлғон детекторида текширтиринг

Шукндан сўнг суд жараёни давом этиб, судланувчи Азимжон Асқаровга сўз берилди.

-Ҳурматли суд, прокурорлар, дипломатлар! Мен қамоққа олинганимдан сўнг собиқ бош прокурор Азимжан Бекназаров оламонни Азимжон Асқаров бошқариб тургани тўғрисидаги видеони кўргани ҳақида айтган эди. Мана орадан 7 йил ўтди, ҳукумат эса ҳалигача бу видеони ошкор этгани йўқ. Мен барча гувоҳлар ёлғон детекторида текширилишини илтимос қиламан. Воқеа жойида мен йўқ эдим. Аллоҳ номи билан қасам ичаманки, у ерда мен бўлмаганман, -деди Азимжон Асқаров.

Ҳуқуқ фаоли, шунингдек, ўзини ҳам ёлғон детекторида текширишларини талаб қилди. Бироқ суд томонидан бу талаб инобатга олинмади.

Бунга жавобан эса прокурорлар жиноят иши материалларида Азимжон Асқаров иштирокидаги видео мавжуд эканини айтдилар. Прокурорлар, агар воқеа жойидан олинган янги видео мавжуд бўлса, уни ҳам ўрганишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Судда Асқаров ва унингг адвокатлари ҳимоя томони гувоҳларини ҳам сўроққа чақирилишини талаб қилди. Бироқ жабрланувчилар ва прокурорлар ҳимоя гувоҳларининг барчаси Асқаров билан биргаликда судланиб, қамоқда ётгани учун уларни судга чақириш ноўрин бўлади, дебътироз билдирди. Шунинг учун суд бу масалани ҳоизрча очиқ қолдирди.

Судда гувоҳлик берган милиция ходимлари ва жабрланувчилар эса Асқаровнинг айбдор эканига ишонишларини айтдилар.

Бишкек вақти билаен кеч соат бешда суд жараёни тўхтатилди ва кейинги суд мажлиси 11 октябрда ўтказилиши маълум қилинди.

БМТ Асқаров озод этилиши шартлиги тўғрисида қарор чиқарган

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси экспертлари жорий йил 20 апрелда Азимжон Асқаров ишини кўриб чиқиб, Қирғизистон ҳукуматини ҳуқуқ фаолини қамоқдан озод этишга чақирган.

Қўмита қарорида Асқаровнинг сохта айбловлар билан қамалганига ишонилиши қайд этилган. БМТ экспертларига кўра, Азимжон Асқаровга 2010 ва 2011 йилда ўтган судларда ўзини ҳимоя қилиш учун имкониятлар берилмаган, судларда фақат айблов томонининг гувоҳлари, асосан, милиция ходимлари гувоҳлик берган. Асқаровнинг ҳимоя томони гувоҳларига эса бундай имконият берилмаган, Асқаров адвокатларининг хавфсизлиги таъминланмаган.

Мазкур қарор ортидан июль ойида Қирғизистон Олий Суди Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиққан эди. Олий Суд ўз қарорида Асқаровга нисбатан Жалолобод вилоят суди ва Олий Суд чиқарган умбрбод қамоқ жазоси тўғрисидаги ҳукмни бекор қилди, Бироқ биринчи суд инстанцияси бўлган Бозорқўрғон туман судининг умрбод қамоқ тўғрисидаги ҳукми ўз кучида қолди. Олий Суд Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиқиш учун Чуй вилоят судига жўнатди. Азимжон Асқаров иши қайта кўриб чиқилгунига қадар қамоқда сақланади.

Азимжон Асқаровга ўтган йили АҚШ Давлат департаментининг “Инсон ҳуқуқлари фаоли” мукофоти топиширилган эди. Шундан сўнг Бишкек ҳукумати норозилик сифатида Вашингтон билан имзоланган ўзаро ҳамкорлик шартномасини бекор қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG