Линклар

Майк Пенс: АҚШ Сурияда ҳарбий куч ишлатиши керак


АҚШ вице-президенти лавозимига номзодлар: республикачи Майк Пенс (чапда) ва демократ Тим Кейн.

АҚШ вице-президенти лавозимига номзодлар: республикачи Майк Пенс (чапда) ва демократ Тим Кейн.

Республикачилар партияси АҚШ президенти лавозимига номзод Дональд Трампнинг ёнида вице-президентликка номзод Майк Пенс агар Россия Ҳалабдаги “ваҳший” ҳужумларини тўхтатмаса, АҚШ Сурия ҳукуматига қарши ҳарбий куч ишлатиши керак, деб баёнот берди.

4 октябрь куни вице-президентликка номзодлар орасида бўлиб ўтган дебат давомида Индиана штати губернатори Майк Пенс “Агар Росссия Ҳалабга ваҳшийларча ҳужум қилишда давом этса, Америка Қўшма Штатлари [Сурия президенти Башар ал-Ассад] тузумига қарши ҳарбий куч ишлатиши зарур”, деди.

Ҳатто Трампнинг ўзи ҳам Сурия ва Россия кучларининг Ҳалабдаги амалиётларини куч ишлатиб тўхтатиш кераклигини таъкидламаган.

4 октябрь куни Трамп Россия Сурияда эришилган оташкесимни АҚШни ҳурмат қилмагани учун бузганини айтди, аммо у бунга жавобан ҳарбий куч ишлатишга чақирмади.

Вице-президентликка номзодлар дебати давомида республикачилар номзоди Пенс демократлар номзоди Тим Кейн билан беллашди. Дебат давомида Кейн Трамп Россия президенти Владимир Путинни ва унинг диктаторларга хос бошқарув услубини идеаллаштиришини таъкидлади.

“У диктаторларни хуш кўради. Унда ўзининг шахсий Рашмор тоғи бор бўлиб, у тоғда Владимир Путин, Ким Чен Ин, Муаммар Қаддафий ва Саддам Ҳусайнлар бор”, деди.

Айни пайтда Россия Мудофаа вазирлиги Суриядаги Тартус базасига С-300 зенит-ракета тизимлари жойлаштирилгани ҳақида маълумот тарқатди. Вазирлик баёнотида бундан мақсад “ҳарбий-денгиз базаси ва бу ердаги рус ҳарбийлари хавфсизлигини таъминлаш” экани айтилади. Узоқ масофага учувчи С-300 ракеталари учоқлар ва қанотли ракеталарни йўқ қилиш, баллистик ракеталарни нишонга олиш имконига эга бўлиб, ҳарбий ва йирик саноат объектлари мудофааси учун мўлжалланган.

Вашингтон Россиянинг Сурияга янги қуроллар етказиб берганини қоралади. Оқ уй ва АҚШ Давлат департаменти вакилларига кўра, Россиянинг Суриядаги вазифаси террорчи гуруҳларга қарши курашдан иборат, бироқ бу гуруҳларнинг биронтаси ҳаводан ҳужум қилиш имконига эга эмас.

“Россияликлар коалиция учувчилари ва ўз пилотларимиз хавфсизлигига жуда жиддий ёндашишимизни тушунишлари лозим”, деди Пентагон вакили Питер Кук.

2015 йили Россияга Сурияга C-400 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва “Панцирь” (“Совут”) русумидаги ракета мажмуаларини жойлаштирганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG