Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:24

Марказий осиёлик метро қурувчилари ёрдам сўраб Москва ҳокимига мурожаат қилди


Москва метроси қурилишида ишлаган 17 нафар марказий осиёлик муҳожирлар, жумладан ўзбекистонликлар 3 ой давомида маош ололмагач, ёрдам сўраб, Москва ҳокими Сергей Собянинга мактуб йўллашди.

Муҳожирларни ишга ёллаган СК "Глобатек" ширкати пулнинг йўқлиги боис ойлик ҳозирча берилмаётганини билдирган.

Москва янги метро бекатлари қурилишида ишлаган чет элликларга кўра, камида 3 ойдан буён ойлик ололмаганлар сони 100 дан ортиқ, бироқ уларнинг фақат 17 нафари Москва ҳокими Сергей Собянинга шикоят мактубини ёзишга журъат қилган.

Собянинга мактубни марказий осиёликлар Россиядаги “Мигрант Меҳнаткашлар Касаба Уюшмаси” ёрдамида тайёрлашган.

Ушбу ташкилот ҳуқуқшунос-эксперти Комил Дилмуродовнинг айтишича иш берувчи СК "Глобатек" ширкати билан бўлган музокоралар натижа бермаганидан сўнг, муҳожирлар ҳоким Сергей Собянинга мактуб ёзишга мажбур бўлганлар.

"Глобатек" ширкати мигрантлар билан меҳнат шартномаси эмас, “договор подряда” ("пудрат асосдаги келишув") имзолаган. “Договор подряда” дегани конкрет бир ишни қилиш бўйича келишув имзоланади. Агар бажарилган иш сифати яхши бўлмаса, иш берувчи бажарилган ишга сарфланган ашё-материаллар ва хизмат пулларини ишни бажарганлардан ўндириши мумкин. Бундай шартнома бўйича аксар ҳолларда иш берувчи ширкатлар мигрантлар бажарган ишини қабул қилмасдан уларни ҳайдаб юборишади. Биздаги маълумотга кўра, Москва метроси қурилишида ишлаётган 800га яқин хорижий маоши ўз вақтида берилмаяпти. Бизни касаба иттифоқига уларнинг 20 нафари ёрдам сўраб ариза топширишди," деди Комил Дилмуродов.

“Мигрант Меҳнаткашлар Касаба Уюшмаси" эксперининг айтишича, маошини ололмаётган ўзбекистонликларнинг аксари ариза ёзишни истамайди.

"Пулларини олишга ёрдам сўраб бизга мурожаат қилган ўзбеклар купчилик эди. Биз уларга бошқлар қатори ариза ёзишни сўраганимизда, аксари ариза ёзишдан воз кечди. “Бизни ишдан ҳайдайди”, дея қўрқиб ариза ёзишмади. Лекин ариза ёзганларлар орасида Тожикистон ва Қирғизистон ватандошлари кўпчиликни ташкил этади," деди Комил Дилмуродов.

16 йилдан буён Москва қурилиш иншоотларида ишлаб келаётган Зайниддин (номи ўзгартирилган) - Москва ҳокимига мурожаат қилган ўзбекистонликлардан бири.

Зайниддиннинг айтишича, Москва ҳокими аралашувидан кейин муҳожирлар маошлари берилиши мумкин.

"Мен метро қурилишида анчадан буён ишлаяпман. Олдинги йилларда бундай 3 ойлаб маош бермаслик кам учрарди. Бригадамиз бошлиғи югуриб юрипти. Пулларни беришса керак. Ишлаш шароити, албатта осон эмас. Қаттиқ ишга ўрганмаган киши, метро қуришида ишдай олмайди," деди Зайниддин.

Кузатувчилар фикрларича, иқтисодий инқироз сабабли Россияда муҳожирлар маошларини тўламаслик ҳоллари ошиб бормоқда.

Бир неча кун олдин Екатеринбург шаҳрида иш ҳаққини ололмаган 70га яқин марказий осиёлик муҳожир матбуотга мурожаат қилиб, норозилик намойишига чиқишини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG