Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:51

AIBA Рио Олимпиадасидаги бокс ҳакамларини жанглардан четлаштирди


Ҳакамлар можароси Олимпиада натижаларига таъсир этмайди
Ҳакамлар можароси Олимпиада натижаларига таъсир этмайди

Ҳаваскор бокс халқаро ассоциацияси AIBA Рио Олимпиадаси бокс мусобақаларига ҳакамлик қилган 36 нафар шахсни вақтинча ҳакамлик қилишдан четлаштирди. Бундай қарорнинг олинишига ҳакамлар ишига бўлган ишончсизлик ва эътирозлар сабаб бўлди. AIBA бошлаб юборган суриштирув жараёнида бокс рефериларига билдирилган расмий эътирозлар текширилади. Ҳакамлик қилган арбитрлар орасида ўзбекистонлик Жасур Қурбонов ҳам борлиги маълум. ​AIBA кейинги 4 йилда ҳаваскор бокс ҳакамлигида жиддий ислоҳотлар ўтказилиши зарурлигини эътироф этмоқда.

36 ҳакам четлаштирилди

Ҳаваскор бокс халқаро ассоциацияси АIBA 2016 йил ёзида Бразилияда бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида бокс бўйича ҳакамлик қилган барча рефериларни вақтинча ҳакамлик қилишдан четлаштирди.

AIBA мабуот хизмати директори Николас Жомард Озодликка 36 нафар ҳакам бошлаб юборилган тергов якунига қадар арбитрлик қилиши тақиқланганини билдирди.

AIBA расмий хабари
AIBA расмий хабари

AIBA матбуот хизмати хабар қилишича, қарор Швейцариянинг Лозанна шаҳрида 3-5 октябр куни ўтказилган ташкилот йиғилишида қабул қилинган.

- Бу масалага доир дастлабки қарорлар Рио-2016 мусобақалари бир текис давом этиши мақсадида қабул қилинган эди. Ҳакамлар устидан мазкур суриштирув AIBAга кейинчалик қандай йўл тутишни белгилаб олишга имкон яратади. Айни пайтда, Олимпия ўйинларига жалб қилинган 36 нафар ҳакам AIBA комиссиялари текшируви якуни ҳамда чиқарилажак хулосаларга қадар ҳакамликдан четлаштирилади, дейилади бокс халқаро федерацияси расмий хабарида.

Ташкилот расмийси бу қарорга келишдан олдин раҳбарият Риодаги бокс бўйича 239та жангни қайта кўриб чиққанини маълум қилди.

Зиддиятли Рио-2016...

Бразилиядаги Олимпиадада энг зиддиятли ўтгани айтилган бокс матчлари кўплаб мухлислар ва мутахассисларнинг жиддий эътироз ва танқидларига учради.

Энг катта зиддиятли натижа 91 килограмгача бўлган боксчиларнинг финал беллашувида қайд этилди.

Қозоғистонлик Василий Левит ва россиялик Евгений Тишченко ўртасида бўлиб ўтган финал муштлашувда жазоирлик ҳакам Ҳайра Сидди Ёқуб ғалабани Тишченкога бергани жанжалга сабаб бўлди.

Натижадан қониқмаган мухлислар интернет тармоғида жанг натижасини қайта кўриб чиқиш талаби билан петиция ҳам ҳозирлашди.

Россиялик Владимир Никитин ва ирландиялик Майкл Конлан ўртасида 15 август куни бўлиб ўтган яна бир муштлашув қизғин баҳсларни уйғотди. Ирландиялик боксчи твиттер AIBA-ни коррупцияда айблади.

Майкл Конлан ҳакамлар қароридан норози
Майкл Конлан ҳакамлар қароридан норози

- Бу разиллик! Ҳаваскорлар бокси бошдан оёқ чириб бўлибди. Мен бошқа ҳеч қачон AIBA қўл остида боксга тушмайман. Аслида мен ғолиб! Бугунги жанг мазкур ташкилотнинг нақадар коррупциялашганини яққол кўрсатди, деб эди Майкл Конлан ўзининг твиттер саҳифасида.

Олимпиада давомида AIBA бир нечта ҳакамни вазифасидан четлаштирган эди.

Шу кунларда жанглардан четлаштирилганлар рўйхатида россиялик Владислав Малишев, британиялик Мик Бэйси, ирландиялик Майкл Галлахер, полшалик Мариуш Горни, аргентиналик Ҳерардо Погги ва козоғистонлик Раҳимжон Рисбоевлар исми шарифлари келтирилган.

Ўзбекистонлик ҳакам четлаштирилдими?

Озодлик халқаро федерациянинг мазкур қарори масаласида Ўзбекистон бокс федерациясига мурожаат қилиб, Рио Олимпиадасида бир нафар ўзбекистонлик Жасур Қурбонов ҳакамлик қилганини аниқлади.

Озодлик боғланган Ўзбекистон бокс федерацияси масъул мулозими AIBAнинг қароридан хабари борлиги, аммо ҳозирча бу масалада бирор изоҳ берилмаслиги айтди.

Андижонлик халқаро тоифадаги рефери Жасур Қурбонов номи ҳакамликдан четлаштирилганлар рўйхатида бор-йўқлиги Озодликка ҳозирча маълумотга эга эмас.

“Ўйин натижалари ҳеч қачон ўзгартирилмаган!”

Айни пайтда кўпчиликни Олимпиаданинг бокс бўйича натижалари ўзгартирилиши-ўзгартирилмаслиги масаласи қизиқтирмоқда.

Ўзбекистонлик таниқли бокс мураббийи Ренат Юсупов Озодлик билан суҳбатда халқаро федерация чиқарган қарорга муносабат билдириб, натижалар ўзгартирилишига катта шубҳа билдирди.

- Ҳаммаси ўтиб кетди, медалларни тарқатворган. Спортчилар уй-уйига кетворган. Ҳеч қачон қайтариб бермайди медалларни. Медаллар қайтариб берилганини бирор жойда эшитмаганман, деди тошкентлик тренер Ренат Юсупов.

Ҳасанбой Дўсматов ғалабалари ҳеч кимда шубҳа уйғотмади
Ҳасанбой Дўсматов ғалабалари ҳеч кимда шубҳа уйғотмади

Суҳбатдош бокс ва умуман спортда ҳакамлик масаласида ноҳақликлар бўлиб туришини одатий ҳол эканидан гапирди:

- Мана шу Дўсматов Ҳасанбой Татаристонга мусобақага биринчи борганида озарбайжонлик билан тушган. Роса урган экан, аммо ғалабани озарбайжонлик боксчига бериб юборишибди. Шунда шикоятимиз икки-уч кун кўриб чиқилиб, ҳакамни жазолаб... медални озарбайжонликда қолдиришибди. Мана, ҳаёт-де – ҳаммасини исботлаб, Олимпия медалига сазовор бўлиб қайтди. Ҳакамликда бўлиб туради ноҳақликлар, деди Ренат Юсупов.

Тошкентлик тренер олдинги Олимпиадаларда бокс бўйича ҳакамликда катта тортишув ва жанжаллар келиб чиққанини эслатди.

AIBA ислоҳотларни бошлади

Айни пайтда AIBA 2020 йилги Токио Олимпиадасига қадар ҳакамлик тизимида жиддий ислоҳот ўтказишини эълон қилди.

Риода ўтган Олимпия ўйинларида бокс бўйича ҳакамлик биринчи маротаба профессионал боксдаги қоидаларга деярли мувофиқ тарзда ўтказилган эди.

Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси энг кўп медал олиб, кўпни кўрган мутахассислар ва бокс ишқибозларини ҳайратда қолдирди.

3 “олтин”, 2 “кумуш”ва 2 “бронза”ни олган ўзбек йигитлари Куба, Франция, Қозоғистон ва Россия каби “бокс мамлакатлари”идан анча илгарилаб, команда ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

XS
SM
MD
LG