Линклар

logo-print

Қирғиз чегарачиси: Ўзбекистон “Дўстлик” чегарасидан ўтиш тартибини енгиллаштирди

  • Шерзод

Қирғизистон- Ўзбекистон чегарасидаги “Дўстлик” ўтказиш пунктидан ўтиш учун навбат кутаётган одамлар.

Қирғизистон- Ўзбекистон чегарасидаги “Дўстлик” ўтказиш пунктидан ўтиш учун навбат кутаётган одамлар.

Қирғизистон- Ўзбекистон чегарасидаги “Дўстлик” ўтказиш пункти раҳбарининг айтишича, сўнгги ўн кундан қирғиз-ўзбек чегарасидан ўтувчилар сони икки баробарга кўпайди. Унга кўра, Ўзбекистон 1 октябрдан чегарадан ўтиш билан боғлиқ қатор чекловларни бекор қилгани ортидан чегарадан ўтувчилар сони кунига ўртача тўрт юздан бир минг икки юз кишигача кўпайган.

Сўнгги кунларда Озодликка “Ўш шаҳри яқинидаги “Дўстлик” қирғиз-ўзбек чегара пунктининг очилгани ва одамларнинг бемалол ўтаётгани тўғрими?” қабилидаги мурожатлар кўплаб келмоқда. Шу саволларга ойдинлик киритиш мақсадида Қирғизистон Чегара хизмати рухсати билан “Дўстлик” қирғиз-ўзбек чегара пункитига бориб, у ердаги вазият билан танишдик.

Эрталабки соат 7да чегарага борганимизда у ерда бир неча юз одам Ўзбекистонга ўтиш учун навбат кутаётганига гувоҳ бўлдик.

Эрталабки соат 8да чегара очилди ва одамлар навбат билан чегарадан ўтишни бошлади.

Аввалига қирғиз чегарасидан ўтиб Ўзбекистон томонга йўл олган одамларга микрофон тутдик:

-Муаммо бўлмади. Навбат билан кириб, навбат билан чиқдик.

Озодлик: Неча соатда ўтдингиз?

-Бир соатда ўтдим.

Озодлик: Нима учун кетяпсиз Ўзбекистонга?

-Биз, укамизтўй қилаяпти. Тўйга кетаяпмиз, - дейди Ўзбекистонга ўтаётганлардан бири.

- Мен Маданиятдан, Пахтобод туманидан бўламан. Тўйга келгандик. Ота-онамизни кўрганлар билан кўришдик. Келишда телеграмма билан келдик, -дейди юртига қайтаётган андижонлик Каримжон ота Жумабоев.

Қирғизистон Чегара хизмати “Дўстлик” автўйўл ўтказиш пункти раҳбари Бексултан Алибековнинг айтишича, Ўзбекистон октябрнинг бошидан бошлаб чегарадан ўтиш тартибини бир мунча енгиллаштирган. Унинг сўзларига кўра, шу сабабли сўнггги кунларда “Дўстлик”дан ўтишни истаганлар сони икки баробарга кўпайган.

Октябрь ойигача чегарадан кунига уч юздан тўрт юзгача одам ўтса, ҳозирда тўққиз юздан бир минг икки юзгача одам ўтмоқда. Ўтишни истаганларнинг аксарияти икки давлатга тўйга бормоқчи бўлганлар ва Ўзбекистон ёки Қирғизистонга турмушга чиққан қўшни давлат фуқаролари бўлмоқда.

-Бугунгача Ўзбекистон Республикасидан чекловлар бор эди. Бугунги кунда Қирғизистон ва Ўзбекистон Республикаси фуқароларига енгилликлар киритилди, десам адашмайман. Шу кунгача тўйга чақирув телеграммаси ва никоҳ гувоҳномаси бор бўлса, давлат чегарасидан ўтказилмас эди. Ҳозирда эса, мен тилга олган ҳужжатлар асосида давлат чегарасидан ўтказиш бошланди. Яна айтиб ўтиш керакки, биз Қирғизистон фуқаролари билан гаплашганимизда улар Ўзбекистоннинг “Дўстлик” чегараси Қирғизистон фуқаролари учун енгиллатилганини айтишди. Янглишмай айтишим мумкинки, аввалари кунига уч юздан тўрт юзгача одам ўтар эди. Ҳозирги пайтда икки баробарга кўпайди ва тўққиз юздан бир минг икки юз одамгача ўтмоқда, - дейди “Дўстлик” автўйўл ўтказиш пункти раҳбари Бексултан Алибеков.

Дўстлик чегарасида навбат кутаётган бир неча юз одам орасида Қирғизистонга келин бўлганлар ҳам бор эди.

-Мен Ўзбекистон Республикаси Наманган вилояти Қўғай Ўлмас қишлоғидан 1999 йили бу ёққа турмушга чиққанман. Шундан бери шу ерда яшаб келамиз. Кирди-чиқди қилиб чегарадан ўтиб келамиз. Шунчалик шароит яратиб берганига раҳмат. Кирди-чиқди қиляпмиз. Қирғизистон таможнийси ҳам Ўзбекистон ҳам яхши муомила қилаяпти. Бориб ота-онамизни кўряпмиз. Бизники Ўзбекистон паспорти, ЗАГС қоғози Қирғизистонники. Шунинг учун ҳар 57 кунда кирди-чиқди қилиб турамиз,- дейди Ўзбекистондан Қирғизистонга келин бўлган Ёқутхон Тўхтўрова.

“Дўстлик” чегара бекати яқинида ўндан ортиқ юк машиналари турганига гувоҳ бўлдик. Маълум бўлишича, бу юк машиналари Ўзбекистондан юк олиб чиқиш билан шуғулланади.

Ҳайдовчиларга кўра, Ўзбекистон чегараси томонидан бўлган енгилликлар уларга тегишли эмас. Ҳайдовчилар қирғизистонлик ва ўзбекистонлик ҳайдовчилар “Дўстлик”дан ўтказилмаётир. Шу сабабли улар Ўзбекистондан юк олиб чиқиш учун Россия ёки Қозоғистон паспортига эга бўлган ҳайдовчиларни 200 АҚШ долларига ёллашга мажбур бўлаётганидан шикоят қилишди.

- Ўзбекистондан Қирғизистонга юк олиб чиқамиз. Қирғизистон фуқароларимиз. Биз Ўзбекистонга бориб юк олиб келиш, бизга қандай маҳсулот берилаётганини кўриш учун чегарадан ўтолмаяпмиз. Ҳайдовчи ёллашга тўғри келаяпти. Унга 200 доллар ва бошқа ҳаражатларига ҳақ тўлаймиз. Қисқаси, бизга қимматга тушаяпти. Ўзбекистонга қозоқ ёки Россия паспорти бўлган ҳайдовчилар кира олади, - дейди халқаро юк ташиш билан шуғулланувчи Бишкекдаги “Даврол Транс” фирмаси ҳайдовчиси Ислам Гусейинов.

Қирғизистон Чегара хизмати расмийсига кўра, “Дўстлик” чегарасидан ўтувчилар учун қўйилган барча чекловлар фақат Ўзбекистон томонидан қўйиб келинади. Қирғизистон эса шу кунгача чегарадан ўтиш тартиби бўйича ҳеч қандай чеклов киритмаган.

Айтиш жоизки, кейинги ўн йилда биринчи марта Қирғизистон раҳбарлари, маданият, санъат ва спорт арбобларидан иборат 130 кишилик делегация 1 октябрь куни Ўзбекистонга сафар қилди. Тошкент ташаббуси билан ўтказилган тадбирга Ўзбекистон Бош вазири биринчи ўринбосари Адҳам Икромов мезбонлик қилди. Учрашувда томонлар икки давлат муносабатларини яхшилаш тўғрисидаги меморандумни имзолади.

Қирғизистоннинг Ўш ва Ўзбекистоннинг Андижон вилоятларини боғлаб турувчи “Дўстлик” чегара бекатидаги енгилликлар ҳам мана шу учрашувдан кейин жорий этилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG