Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:52

Клинтон-Трамп: Иккинчи дебат қандай кечди?


Доналд Трамп билан Ҳиллари Клинтон ўртасидаги иккинчи дебат 9 октябрда бўлиб ўтди.
Доналд Трамп билан Ҳиллари Клинтон ўртасидаги иккинчи дебат 9 октябрда бўлиб ўтди.

Миссури штатининг Сент-Луис шаҳридаги Вашингтон Университетида кечган иккинчи дебат президентликка номзодларнинг ўзаро таъна тошлари билан бошланди. Салом-аликсиз. Лекин дебат охирига бориб, сайловчилар талаби билан улар илиқ сўзлар билан алмашишга мажбур бўлди. Демократ номзод Ҳиллари Клинтон республикачи номзод Доналд Трампнинг фарзандларини мақтади. Трамп эса Клинтонни ҳақиқий курашчи, жасур инсон деб атади.

Номзодлар бир ярим соатлик баҳс давомида бир-бирини нишонга олишдан чарчамади. Трамп Клинтонни сиёсий жиноятчига тенглаштирса, Клинтон Трампни ғирромчи, аёлларни пастга уриб танилган, сиёсатни тушунмайдиган, субутсиз ва виждонсиз одам дея таърифлади. Трамп президентликка сайланса, Клинтонни тафтиш қилиш учун махсус прокурор тайинлашини айтса, Клинтон уни қора ишлар орқали бойлик орттирганликда айблади.

Трамп йиллар давомида федерал солиқларни тўламаганини тан олди. Айш-ишрат ва ҳирс муҳокама қилинган видеоси шу кунларда кенг оммага кўрсатилган номзод хотин-қизларни жинсий ҳақоратловчи гаплари эркаклар орасидаги одатий мулоқот дея тушунтиришга уринди.

"Мен хотин-қизларни ҳурмат қиламан ва майда гапларим учун узр сўрайман",- деди Трамп.

Клинтон фикрича эса Трамп узр сўраб қутула олмайди. "Мен ўтмишда президентлик учун курашган республикачилар ҳақида жуда ижобий қарашга эгаман. Лекин Трамп улар қаторида эмас. Унинг гапларига қараб, баҳо бераверинг",- деди Клинтон бу ҳафта пайдо бўлган видеоларга ишора қилиб. Уларда Трамп ўз атрофидаги аёллар билан қандай жинсий алоқа қилишга урингани ҳақида гапиради, жинсий органларини тилга олади.

Клинтон назарида Трамп президентликка буткул арзимайдиган инсон. Хоним ўзини ватанпарвар, фидойи америкалик деса, Трамп ҳам ўзи ҳақида ўхшаш сўзлар айтди. Клинтон узоқ йиллар мобайнида сиёсий найранглар орқали нуфуз орттирган, дея дашномлар отди республикачи номзод.

Дебат олдидан атрофида бир неча аёлни йиғиб, уларни собиқ президент Билл Клинтон томонидан жинсий босимга учраган америкаликлар дея таништирган Трамп демократ рақибининг турмуш ўртоғини "ўзидан баттар" эркак деб атади.

Клинтон хоним фикрича эса Трампнинг бу гаплари жавоб беришга арзимайди.

Уни давлат котиби бўлган пайтда пинҳона фаолиятда, электрон алоқани яширганликда айблаган Трамп, демократ рақибининг сўзларига кўра, ҳокимият ишларни умуман эплай олмайдиган, балки ҳозир қора ишлари учун қамоқда ўтириши керак бўлган лаганбардор.

Республикачилар нима учун Трампдан ўзини олиб қочмоқда? Нега уни қувватламаяпти? - деган саволларни ўртага ташлаган Клинтон, Трамп назарида, ахборот воситаларининг эркатойи. Нега уни кўп саволга тутмайсиз, эгри ишларини ёритмайсиз? - дея сўради Трамп дебатни олиб бораётган журналистлардан.

Исломофобияга қарши қандай чора кўрасиз, деган саволга Трамп "исломофобия ҳақиқат ва уят" деб жавоб берди ва асосан "радикал исломий террористлар" ҳақида гапирди. Улар Америкага ҳужум қилган, деди Трамп, қатор мисоллар келтириб.

“Биз исломга қарши эмасмиз, динга нисбатан урушда эмасмиз",- деди Клинтон. Террористлар шундай дейди ва бу тасаввурни ўзгартириш лозим, деди у.

Трамп назарида Америкага келаётган мусулмонларни қаттиқроқ текшириш керак. Клинтон фикрича эса одамларни динига қараб ажратиш разил сиёсат бўлади. "Бизнинг давлатимиз диний эркинлик ва ҳурликка асосланган",- дея эслатди у.

Трамп дедики, Клинтон 2003-йилда Ироққа бостириб кириш учун овоз бериб, калтафаҳмлик қилган. Клинтон эса ўша пайтдаги мавжуд маълумотларга қараб қарор берганини таъкидлади.

Қора танли сайловчи номзодлардан "барча америкаликлар манфаати учун кураша оласизми"? - деб сўради.

"Ҳозиргидан ҳам баттар бўлиши мумкинми?" - дея жавоб берди Трамп. Унинг таҳлилича, Президент Барак Обама, биринчи қора танли раҳбар, даврида Америкада ирқчилик кучайди.

Клинтон эса сайловчининг юқоридаги саволига "менга овоз бермасангиз ҳам сизнинг президентингиз бўлишни ва сизга хизмат қилишни хоҳлайман",- дея жавоб қилди.

Клинтон Россияни Америка сайлов тизимига кибер-хуружлар қилаётганликда айбласа, Трамп бундай хулоса қилиш учун унда асос йўқлигини айтди.

Сайловчилардан бири президентлик пойгаси нима учун бунчалик салбий руҳда кечмоқда деб сўради. Клинтон жараённи яхҳсилик ва ёмонлик орасидаги курашга қиёслади. Трамп ҳам ўзини яхшилик элчиси дея таърифлашга ҳаракат қилди.

Номзодлар соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар ҳақида ҳам тубдан фарқли фикрда. Клинтон Обама давридаги ўзгаришларни ёқласа, Трамп улар бекор қилиниши керак, деди.

Суриядаги уруш хусусида ҳам тафовут кучли. Клинтон фикрича, Трамп аслида Россияни ёқлайди. Кремл эса диктатор Башар ал-Ассадни ҳимоя қилмоқда, дейди у. Трамп эса Обама маъмурияти вазиятни ўнглай олмагани Америка нуфузини янада пасайтирди, дейди.

Томонлар Олий суд роли, аёлларнинг ҳомилани аборт қилиш ҳуқуқи ва бошқа долзарб масалаларга ҳам тўхталиб ўтди.

Дебатда ҳали кимга овоз бериш юзасидан бирор қарорга келмаган 100 сайловчи келди. Сайлов натижасини мана шундай сайловчиларнинг 8-ноябр куни берадиган овози ҳал қилади.

"Америка овози"дан.

XS
SM
MD
LG