Линклар

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди таниқли актёр Матёқуб Матчонов ва яна уч киши устидан маҳкама жараёнини иккинчи марта қолдирди.

Душанба куни прокурорнинг якуний чиқиши кутилганди.

Бироқ, Матчонов яқинларининг Озодликка айтишларича, қораловчи якуний хулосаси тайёр бўлмагани учун “суд иши номаълум муддатга” кечиктирилган.

60 ёшли Матчонов бир қатор молиявий жиноятларда айбланмоқда.

Яқинларига кўра, актёр маҳкама жараёнида ўзига қўйилган айбловларни рад этган.

Ким унинг соғлигига жавоб беради?

Суд раиси соғлиги ёмонлашгани туфайли Матчоновни ҳибсдан озод этиб туришни сўраган шифокор хулосаси ва актёр ҳамкорлари йўллаган илтимосномани жавобсиз қолдирган.

23 кило вес йўқотган. Соғлигининг мазаси йўқ. Сахарный диабетик. Таблеткада ўтирипти. Умуртқаси кетган. Шундай бўлса ҳам, қамохонада ушлашаяпти. Ким унинг соғлигига жавоб беради, деган саволга жавоб йўқ,” деди Матчонов яқинларидан бири.

Август ойида ҳам Матёқуб Матчонов устидан режаланган маҳкама қолдирилиб, иш қайта терговга жўнатилган ва актёр МХХ назоратидаги ҳибсхонадан умумий режимдаги Тоштурма ҳибсхонасига кўчирилган эди.

Матчонов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 189-моддаси (Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш), 184-моддаси (Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш), 186-моддаси (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш), 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) бўйича айбланмоқда.

Матчонов ҳибсга олинган пайтда унинг наркотик моддалар савдосига алоқадорлиги ҳақидаги гап-сўзлар пайдо бўлганди.

Бироқ Озодлик қўлга киритган тергов хулосасида наркотикка алоқадор бирорта ҳам айблов йўқлигини кўриш мумкин.

Тергов ишидан хабардор Озодлик манбаларига кўра, Матчонов ва унинг шериклари аниқланган 180 миллион сўм камомадни давлатга қайтарганлар.

Ўзбекистонда президент қарори билан тадбиркорлик субъектларининг жавобгарлигини либераллаштириш бўйича қонунга киритилган ўзгартириш асосида етказилган зарар қопланса, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо белгиланади.

Ўзбекистонда xизмат кўрсатган артист Матёқуб Матчонов 4 июлда МХХ ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди.

Аëн бўлишича¸ ҳибсга олинганлар актёр асос солган “Марса” номли тижорий ширкат ходимларидир.

Озодлик манбаларига кўра, айни иш юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари яна икки шахсга нисбатан қидирув эълон қилган.

Эл севган актёр

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Матёқуб Матчонов 1980 йиллар ўрталаридан ўзбек театр ва кино мухлисларига яхши таниш.

У "Шайтанат", "Темир эркак", "Суғдиёна", "Улфатлар", "Дада", "Арзанда", "Хизмат доирасидан ташқарида ", "Сотқин" каби фильмлардаги роллари билан киномухслар орасида шуҳрат топган.

Уч фарзанднинг отаси Матёқуб Матчонов 2011 йили “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.

Уни яқиндан таниган ҳамкасблари ва режиссёрларга кўра, актёр ўз ишига ўта талабчанлиги, жиддийлиги ва самимийлиги билан ажралиб туради.

Озодлик "Матчонов иши" юзасидан қўшимча маълумотларни ўрганишда давом этаётир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG