Линклар

Шавкат Мирзиёев Сенатдан амнистия қарорини кўриб чиқишни сўради


Ўзбекистон Сенати

Ўзбекистон Сенати

Ўзбекистон Сенати президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан тақдим этилган амнистия тўғрисидаги қарорни 12 октябрда очиладиган ялпи йиғилишда кўриб чиқади.

Шавкат Мирзиёев тақдимномаси Сенатга Ўзбекистон Конституциясининг 24 йиллиги муносабати билан киритилди.

Бу ҳақда 10 октябрь куни ўтган Сенат Кенгашининг мажлисида маълум қилинди.

Сенаторлар амнистиянинг ўта муҳим эканини таъкидлашган.

Тақдимномага кўра, аёллар, жиноят содир этган вақтда ёши 18га тўлмаган шахслар, 60 ёшдан ошган эркаклар, чет эл ватандошлари, I ва II гуруҳ ногиронлари,сил касаллигининг фаол шаклига чалинган шахслар жазодан озод қилиниши лозим.

Шунингдек, президент вазифасини бажарувчи эҳтиётсизлик орқасида ва илк бор жиноят содир этганларни озод этишни таклиф қилган.

Бироқ, тақдимномада “узоқ муддатга ёки умрбод озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган; тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан амнистия актини татбиқ этмаслик сўралган.

“Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасига мувофиқ инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият сифатида тан олинади.Жазонинг асосий мақсади ҳукм қилинган шахсларнинг тузалиши ва қайта тарбияланиши, яъни ҳар бир қонунбузар содир этган қилмишининг ижтимоий хавфлилик даражасини, жавобгарликнинг муқаррарлигини ва чин кўнгилдан пушаймон бўлиш зарурлигини англаб етиши ҳисобланади,”дея таъкидланади тақдимнома матнида.

Шу билан бирга, “тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун биринчи марта озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахсларни ҳам жазодан озод қилиш” таклиф этилган.

Бу президент Каримов вафотидан кейин Сенат кўриб чиқаётган илк амнистия акти бўлади.

Одатда мамлакат Сенати амнистия қарорларини Конституция куни арафасида қабул қиларди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG