Линклар

Ўзбекистон Сенати муваққат президентнинг амнистия тўғрисидаги тақдимномасини кўриб чиқади


Тошкентдаги Сенат биноси.

Тошкентдаги Сенат биноси.

Муваққат президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон конституциясининг 24 йиллиги муносабати билан Олий Мажлис Сенатига амнистия тўғрисида тақдимнома киритди.

Тақдимномага мувофиқ, аёллар, жиноят содир этган пайтда 18 ёшга тўлмаган шахслар, ёши 60 дан ошган эркаклар, чет эл ватандошлари, I ва II гуруҳ ногиронлари, сил касаллигининг оғир шаклига чалинган шахслар жазодан озод қилиниши лозим.

Президент вазифасини бажарувчи эҳтиётсизлик туфайли ва илк бор жиноят содир этганларни озод этишни таклиф қилган.

Тақдимномада “узоқ муддатга ёки умрбод озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган; тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан амнистия актини татбиқ этмаслик” сўралган.

Айни пайтда Мирзиёев “тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун биринчи марта қамалиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахсларни ҳам жазодан озод қилиш”ни таклиф этган.

Ўзбекистон Сенати муваққат президент Шавкат Мирзиёев томонидан тақдим этилган амнистия тўғрисидаги қарорни 12 октябрда очиладиган ялпи йиғилишида кўриб чиқади. Бу президент Ислом Каримов вафотидан кейин Сенат кўриб чиқаётган илк амнистия акти бўлади.

Каримов иқтидорда бўлган чорак аср мобайнида Ўзбекистонда ҳар йили амнистия эълон қилинарди, бироқ у пайтларда сиёсий ва диний сабабларга кўра қамалганлар қарийб афв этилмаган. Мустақил кузатувчиларга кўра, ҳозирда ўзбек қамоқхоналарида 10 – 12 минг чоғли сиёсий маҳбус бор.

XS
SM
MD
LG