Линклар

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасига мувофиқ инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият сифатида тан олинади.

Айнан шу сўзлар билан бошланади Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенатига 10 октябрда киритган навбатдаги амнистияга оид тақдимномаси.

Мамлакат Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллиги муносабати билан эълон қилиниши кутилаётган амнистия акти билан қамоқдан чиқариладиганларнинг озодликдаги ҳаётини Мирзиёев тилга олган 13- модда қай даражада ҳимоя қила олади?

Мухбиримиз шу савол жавобига, яъни собиқ маҳбусларнинг амнистиядан кейинги ҳаётига қизиқди.

Шу йилнинг августида Ўзбекистон қамоқхоналарида 23 йил ўтирган тошкентлик “таниқли” маҳбуслардан бири озодликка чиқди.

Бу воқеани ўрганаркан, Озодлик мухбири унинг яқинлари билан гаплашган эди. “Фақат, масжидга борди, деган гапни айтманглар, илтимос, у кишига масжидга бориш тақиқланган”, деб огоҳлантирган эди собиқ маҳбуснинг яқини.

Қамоқдан озод қилинаётганларнинг кимисигадир масжидга бориш тақиқланса, бошқасига касби бўйича ишлаш, яна бировига чет эл билан алоқа қилиш тақиқланади.

Жиззахлик собиқ маҳбус, журналист Улуғбек Ашурга касби билан шуғулланиш тақиқлаб қўйилган.

- Журналистлик фаолият билан, инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланмайман, деган тилхат ёздириб олишган, деди Озодликка шу кунда сиёсий муҳожиратда яшаётган Улуғбек Ашур.

Ўзбекистонлик яна бир таниқли собиқ маҳбус, қамоқда 14 йил ўтириб, 2013 йилнинг апрелида озодликка чиқарилган 75 яшар ёзувчи Мамадали Маҳмудов - чет эл билан алоқа қилиш тақиқланганлардан.

- Қамоқдан чиқишим арафасида махфий ташкилотнинг одамлари мен билан икки кун гаплашди. Экстремистлар билан, чет эл билан гаплашмайсан, дейишди, деди Озодликка адиб.

Ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Руҳиддин Комиловнинг айтишича, одатда, амнистияга тушиб ёки жазо муддатини ўтаб озодликка чиққан собиқ маҳбуслардан бир йилгача вақти-вақти билан ички ишлар идорасига учраб туриш талаб қилинади.

Мамадали Маҳмудов озодликка чиққанидан буён 3 йилдан кўп вақт ўтди. Лекин у ҳануз доимий назорат остида.

- Сўнгги тилхатни ёзиб берганимга бир ой бўлди, деди ёзувчи.

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида яшовчи тиниб-тинчимас оқсоқол, 78 яшар Набижон Жўрабоев товламачилик ва фирибгарликда айбланиб, ўзининг айтишича эса, маҳаллий амалдорларни танқид қилавергани учун, 2013 нинг майида 5 йилга озодликдан маҳрум этилган ва ўша йил охирида амнистияга тушган эди.

Мамадали Маҳмудовдан фарқли ўлароқ, уни қамоқдан бўшатишар экан, зиммасига ҳеч қандай мажбурият юклашмаган. Қамоқдан кейинги назорат эса, 4-5 ойгина давом этди.

- Қамоқдан чиққанимдан кейин 4 – 5 ой ўтганидан кейин вилоят ички ишлар бошқармасидан одамлар келиб мени ва менга ўхшаганларни назорат рўйхатидан чиқариб кетган, деди Набижон Жўрабоев.

Қамоқдан чиққанлар устидан доимий назорат кейинги йилларда пайдо бўлган янгилик эмас. Совет давридан қолган бу тутум Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларида ҳам бор эди.

Сиёсий мотивлар билан қамалиб, президент Каримовнинг махсус авфи билан бошқа уч маҳбус билан биргаликда 1994 йилда озодликка чиққан, Бирлик халқ ҳаракати фаоли, кейинчалик Озодлик мухбири сифатида ишлаган Носир Зокир ҳам, қамоқдан тилхат ёзиб бергач, бўшатилган.

- Қонунга хилоф иш қилмайман, Конституция доирасидан чиқиб кетмайман, мен ҳақиқатан ҳам жиноятчиман, деган тилхат ёзиб берганман, деди Озодликка Носир Зокир.

Унинг айтишича, маҳбус озодликка амнистия акти билан чиқадими, жазо муддатини тўла ўтаб бўлгач чиқадими – бунинг фарқи йўқ:

- Турмадан чиққанингиздан кейин ҳар ҳафта милиция бўлимига учраб туришингиз керак, деди Носир Зокир.

Амнистияга тушган ёки жазо муддатини тўлаб ўтаб бўлган собиқ маҳбус устидан бу қадар тотал назорат ўрнатиш, яъни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13- моддасида назарда тутилган меъёрни бузиш учун қандай қонуний асос бор?

Бу саволга жавоб топиш учун Ўзбекистон Республикаси Жазони ижро этиш бош бошқармасига мурожаат қилдик. Бошқарма телефонини кўтарган мулозим саволни эшитди, лекин жавоб беришни истамади.

Шуниси қизиқки, ўзбекистонлик баъзи ҳуқуқшунослар ҳам Озодлик билан суҳбат чоғида собиқ маҳбуслар устидан постқамоқ назоратида ғайритабиийлик кўрмади. Улардан бири, қўқонлик адвокат Сатторали Усмонов бу ҳолатни йиллар давомида амал қилиб келаётган ички йўриқномалар мавжудлиги билан изоҳлади.

Бундай фикрни тошкентлик ҳуқуқшунос Руҳиддин Комиловдан ҳам эшитгач, у кишига қуйидаги саволни бердик:

Озодлик: Жазони ўтаб бўлган одам устидан яна маъмурий назорат ўрнатиш унинг конститциявий ҳуқуқларини бузиш эмасми?

Ҳуқуқшунос Р. Комилов: Юридик нуқтаи назардан олсак, албатта, зид. Лекин шуни ҳам эсдан чиқармангки, маъмурий органлар ҳамма учун умумий ва мажбурий бўлган қарорлар чиқариш ваколатига эгадир.

Маъмурий органнинг қарори Конституциядан ҳам устунми?

Бу масала устида ҳуқуқшунос Комилов билан баҳсга киришмадик.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG