Линклар

БМТ қирғиз ҳукуматини фаолларга нисбатан босимни тўхтатишга чақирди


Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоллари Бишкекда норозилик намойиши ўткизмоқда.

Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоллари Бишкекда норозилик намойиши ўткизмоқда.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйча Марказий Осиё бўлими Қирғизистонда ҳуқуқ фаолларига нисбатан босим кучайганидан ташвиш билдирди. Қўмита томонидан эълон қилинган баёнотда қирғиз ҳукумати ҳуқуқ фаолларининг ҳуқуқларини таъминлаши шарт экани айтилади.

Қирғизистонда сўнгги пайтларда ҳуқуқ фаолларига нисбатан босим кучайганидан ташвиш билдирган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Марказий Осиё бўлими раҳбари Ришард Каменда Бишкек расмийларини ҳуқуқ фаолларининг ҳуқуқларини таъминлашга чақирди.

-Қирғизистон ҳукумати расмийлари Қирғизистон 1994 йилда ратификациялаган БМТнинг ҳуқуқ ҳимоячилари тўғрисидаги декларацияси ҳамда Халқаро ватандошлик ва сиёсий ҳуқуқлар бўйича пактда белгилаб берилган ҳуқуқ фаолларининг ўз фикрини эркин ирод қилиш, тинч йиғилишлар ва уюшмаларда иштирок этиш юзасидан ҳуқуқларини кафолатлаши лозим,- деди Ришард Каменда.

Баёнотда айтилишича, Қирғизистонда 2015 йилдан бери ҳуқуқ фаоллари вазияти ёмонлашиб бормоқда. Ҳукумат расмийлари томонидан фаолларга нисбатан босимлар, таҳдидлар бўлмоқда.

Жумладан, президент Алмазбек Атамбаев ҳам жорий йилда бир неча маротаба оммавий чиқишларида ҳуқуқ фаолларига салбий муносабат билдирди.

Ҳукуматнинг ҳуқуқ фаолларига нисбатан бундай муносабатини шарҳлар экан, фаол Гулкаки Мамасалиева мна буларни айтди:

-Амалдорлар, депутатлар қонунлар бузилаётганини яхши тушуниб туришибди. Улар жамоатчилик фаолларининг гаплари ҳақиқат эканини ҳам билишади. Бироқ президентнинг ўзи ҳуқуқ фаолларини танқид қилишни бошлаб берганидан сўнг, бошқа амалдорлар ҳам бунга тақлид қила бошлади, -деди Гулкаки Мамасалиева.

Сўнгги бир йилда ҳукумат расмийлари ва ҳукуматга мойил матбуот томонидан кескин танқид қилинган шахслар Тўлайкан Исмаилова ва Азиза Абдурасулова бўлди.

Улар, дастлаб, Ўш воқеаларида айбланиб умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган этник ўзбек фаол Азимжон Асқаров ҳуқуқларини ҳимоя қилганлари, кейинроқ мамлакатда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳот ноқонуний эканликларини айтганлари ва ўтган ойда Варшада ўтган ЕХҲТнинг инсон ҳуқуқларига оид йиғинида қирғиз ҳукумати томонидан Ўш воқеаларининг уюштирувчиси сифатида кўриладиган Қодиржон Ботиров билан ёнма-ён ўтириб қолгани учунгина қаттиқ танқидларга учраган эди.

Парламент депутатлари бунинг учун Ички ишлар вазирлигидан ҳуқуқ фаолларини жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилган.

Ҳуқуқ фаоли Тўлайкан Исмаилованигнг фикрича, бундай таҳдидли вазиятда фаолларнинг ҳаёти ҳам хавф остида қолаётганини таъкидлайди:

-Ҳуқуқ фаоли оиласидан ҳам ажралиб қолиши мумкин бўлган даражадаги вазият юзага келди. Ўз вақтида биз Азиза Абдурасулова билан жуда кўп “ёпиқ эшикларни” очишга муваффақ бўлдик. 2002 йилги Ахси воқеасида ҳукумат одамларни отганида жабрланганларни ҳимоя қилдик. Ўша пайтда фақат бизгина эмас, болаларимиз ҳам ҳукумат томонидан таҳқирланган эди. Буларнинг барчасига чидадик. Бугунги кунда эса ўзларини патриот деб атаб олган бир гуруҳ одамлар бизга руҳий жиҳатдан таҳдид қилаётир. Буларнинг барчасига ҳукумат муносиб жавоб қайтариши лозим, -дейди Тўлайкан Исмоилова.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйча Марказий Осиё бўлими Қирғизистонда ҳуқуқ фаолларига нисбатан босим кучайганидан ташвиш билдиргунига қадар, “Қийноқларга қарши коалиция” ташкилоти президент Атамбаев ҳуқуқ фаолларини танқид қилганига кескин норозилик билдирган эди.

Бироқ Қирғизистон ҳукумати хозирча халқаро ташкилотларнинг бундай баёнотларига жавоб қайтаргани йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG