Линклар

Туркманистонда президент сайлови келгуси йил февралида бўлиб ўтади


Туркманистонда президент сайлови 2017 йилнинг 12-февралида бўлиб ўтади, дея хабар берди Туркманистон давлат матбуоти.

Президент сайлови ҳақида Туркманистонда президент Гурбангули Бердимуҳаммедовга мамлакатни бир умр идора қилишга изн берувчи конституциявий ўзгаришлар қабул қилинишидан бир ой ўтиб эълон қилинди.

Туркманистон парламенти сайлов кунини 15 октябрда тасдиқлади.

Гурбангули Бердимуҳаммедов томонидан ўтган ой имзоланган конституциявий ўзгаришлар Туркманистон президентлигига ёши 70дан ошганларни сайламаслик ҳақидаги тартибни бекор қилди.

Шунингдек, президентлик муддати беш йилдан етти йилга узайтирилди.

Туркманистон давлат матбуотига кўра, учта партия - Демократик Партия, Саноатчилар ва Тадбиркорлар Партияси ҳамда Аграр Партияси - президентликка ўз номзодини илгари суради.

Мазкур уччала партия ҳам Бердимуҳаммедов сиёсатини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.

Сапармурот Ниёзов вафот этиши ортидан 2006 йилда иқтидорга келган 59 яшар Бердимуҳаммедов 2007 ва 2012 йил ўтказилган сайловларда деярли барча овозларни тўплаб, президент этиб сайланганди.

Газга бой Туркманистон дунёнинг энг ёпиқ мамлакатларидан бири ҳисобланади.

Туркманистонда бўлиб ўтган сайловлар Еропада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти томонидан ҳеч қачон адолатли ва демократик дея эътироф этилмаган.

XS
SM
MD
LG