Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:36

Олабуқада аҳоли баптист аёлни мусулмонлар қабристонига кўмишга изн бермади


Қирғизистон жанубидаги Олабуқа туманида маҳаллий аҳоли ва имомлар 76 ёшида вафот этган насронийликнинг баптист оқимидан бўлган Қанигул Сатибалдиева жасадини мусулмонлар қарбистонга кўмилишига рухсат бермади.

Марҳумнинг қизи, туман имоми бошчилигидаги аҳоли уйига келиб, уни ислом динига қайтишга мажбурлагани, очиқчасига хақоратлагани ва, ҳатто, тошбўрон қилиш таҳдиди бўлганини иддао қилди.

Имом эса жасадни кўмишга қишлоқ аҳли қарши чиққанини айтмоқда.

Тортишувлар натижасида жасад икки марта ерга берилган.

Олабуқа туманида истиқомат қилган 76 ёшли Қанигул Сатибалдиева 13 октябрь тонгида вафот этган.

Унинг қизи Жилдиз Азаеванинг айтишича, онаси христиан динининг баптист оқимидан бўлгани учун ҳамқишлоқлари жасадни қишлоқдаги мусулмонлар қабристонига кўмишга изн бермаган.

Жилдиз Азаева ёрдам сўраб, ҳокимият ва маҳаллий кенгаш депутатларига мурожаат қилгани, бироқ жасадни мусулмонлар қабристонига қўйилишига энг аввал туман имоми қарши бўлганини иддао қилди.

Жилдиз Азаева 14-октябрда имом бир гуруҳ одамлар билан унинг уйига келиб, ислом динига қайтишга мажбурлагани, очиқчасига хақоратлаганини даъво қилади. Унинг сўзларига, ўшанда уни "тошбўрон қилиш" тўғрисида ҳам сўз бўлган:

- "Ўша динингдан қайтасан, қайта мусулмон бўласан," - деб мажбурлашди. Бу воқеани барчасини видеога олишди. Мен онам учун рози бўлдим. Мени мажбурлашди, бошқаларга ҳам ўрнак бўлсин дейишди. Калима келтир дейишди, калима келтиролмасам "айта олмайсан экану", деб туман имоми масхара қилди. Калима келтириб динимдан қайтганимдан сўнг, "бизга ер берасизларми? жасад икки кундан буён турипти, хидланиб хам кетти", десак "йўқ, биз ер бермаймиз, уйнинг агародига кўминглар", дейишди. Хеч кимнинг бошига бундай мушкуллик солмасин. Туман ҳокими "биз фақат сени динингдан қайтардик", деди. Агар мен динимдан қайтмаганимда халқ мени тошбўрон қиларди экан, -деди Жилдиз Азаева.

Унинг иддао қилишича, ўша ерда ҳечким халқни сабрли бўлишга чақирмаган, маҳаллий ҳокимият вакиллари, милиция ҳодимлари индамай қараб тураверган.

Маълум бўлишича, марҳум Қанигул Сатибалдиева 10 йил аввал насроний динининг баптист оқимига ўтган.

Туман имоми Шумқар ҳожи Чиналиев "хақоратлади", деган айбловни рад этти ва 14-октябр куни марҳум уйида бўлган воқеани "тушунтириш ишлари", деб баҳолади.

- Маҳаллий оқсоқоллар бизнинг қабристонга қўйдирмаймиз деб, жанжал қилиб ҳокимятга келишган. Биз бошқа ерга олиб бориб кўмайлик десак, ўша ердаги масжид имомлари қаршилик қилишган. Қизлари ҳам бошқа динга ўтип кетишган экан. Биз тушунтириш ишларини олиб бордик. "Бўлди, бу диндан қайтдик, билмаган эканмиз" деса ҳам, аҳоли рози бўлмади. "Сизларга ер берилади, бироқ онангларни кўмгани ер бермаймиз", дейишди. Бошқа қишлоқдаги христиан динидагилар ётган ерга кўмайлик, деб гаплашгани борган эдик. Бироқ улар ҳам розилик беришмади. Халқ биз буларни кўмишга рухсат берсак, булар кўпайиб кетади, деб рози бўлмади, - деди Шумқар ҳожи Чиналиев.

Туман ҳокими Сонунбек Ақпаралиев бунгача бапдист оқимидаги бир одам кўмилган қабристондан жой тайёрланаётганини маълум қилди. Ҳоким имом ҳаракатлари текширилишини ҳам қўшимча қилди:

- Ҳозир ер топилди. Ўтган йили бир баптистнинг жасади кўмилган ер бор. Ҳозир ўша ерни тайёрлашаяпти. Қазишга йигитлар кетган. Ким масхара қилипти? Биз барчамиз мусулмонмиз, агар барчамиз бошқа динга ўтаверсак нима бўлади? Имом масхара қилди деганини эшитмабман, мен буни суриштираман, - дейди Сонунбек Ақпаралиев.

Кўп ўтмай марҳумни кўмгани ер топилган. Бироқ, бошқа қишлоқ қабристонига майитни кўмишга ҳам, маҳаллий аҳоли қаршилик билдирган.

Натижада марҳум яқинлари жасадни қайта кавлаб олишга мажбур бўлганлар.

Алалоқибат, Қанигул Сатибалдиева жасади олисроқдаги насронийлар қабристонида кўмилди.

Қирғизистонда бошқа динга ўтганларни хўрлаган, вафот этгач, кўмишга ер бермаган воқеалар вақти-вақти билан кузатиб турилади.

Қирғизистонда баптистлар фаолияти 1907-1908-йиллари немис миллатидаги оилалардан бошланган.

Ҳозирда уларнинг уч минга яқин аъзоси ва 50 ибодатхонаси бор.

Қирғизистонда Дин ишлари бўйича давлат комиссиясига кўра, рўйхатидан ўтиб, расман фаолият олиб бораётган 2800 диний ташкилот бор.

Унинг икки мингдан ортиғи ислом динига оид ташкилотлар ва масжидлар бўлса, қолгани насроний ва бошқа динларга тегишлидир.

XS
SM
MD
LG