Линклар

logo-print

Ўзбекистон ҳукумати Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий қайдга туриш тартибига ўзгартишлар киритди. Унга прописка қилишга имкон берилган 59 давлат идоралари амалдорларидан ташқари, оддий ватандошлар қайдига тегишли бошқа бир қатор жиддий ўзгартишлар киритилди. Шунингдек, хорижликлар ва ватандошлиги йўқ шахслар учун ҳам прописка қилиш тартиби осонлаштирилди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий рўйхатда туриш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 336-сонли қарорига биноан бундан буён давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқарувидаги органлар, республика миқёсидаги бошқа давлат ташкилотлари раҳбарлари ўз ходимларининг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига доимий рўйхатга ўтишларини сўраб мурожаат қилишларига рухсат берилади.

Мазкур қарорга илова қилинган рўйхатда жами 59 ташкилот ва компания номи келтирилган. Рўйхатда Президент Аппарати, Вазирлар Маҳкамаси, Конституциявий суд, Олий суд, Олий хўжалик суди, Бош прокуратура, МХХ, Марказий банк, вазирликлар ва давлат қўмиталари, Тошкент шаҳри ва вилояти ҳокимликлари, давлат улушига эга бўлган компаниялар бор.

Тилга олинган қарор 7 октябрда қабул қилинганини бугун маълум бўлди.

Тошкент шаҳар ҳокимиятида Озодлик сўровига мазкур қарорда қатор жиддий ўзгаришлар жорий этилганини тасдиқлашди.

- Олдин ҳам республика даражасидаги ташкилотлар раҳбарияти ариза билан мурожаат қилиб, прописка қилиш мумкин эди. Янги қоидада оддий ишчиларга ҳам берилиши мумкин бўлди. Қарорда бошқа ўзгаришлар ҳам мавжуд. Масалан, опа укасига прописка беришига рухсат берилди ва ҳоказо, деди ҳужжат бугун тарқатилгани сабабли ўрганиб чиқилаётганини айтган исмини ошкор қилмаган пойтахт ҳокимияти расмийси.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка тартибига киритилган ўзгартишларнинг асосий бандларига тўхталиб ўтамиз.

Яқин қариндошлар доимий прописка қилинади

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида иш жойининг тавсияномаси билан прописка қилинганларнинг доимий қайдда бўлмаган оила аъзолари уй эгасининг рухсати билан қайдга олинишига рухсат берилди.

Тарбияланиш, даволаниш ва бошқа масканларда қаровчисиз ўсаётган етим болалар ҳамда қариялар уйида қолаётган шахслар ҳужжатнинг 3 банди асосида - қаровчи ёки васийнинг доимий яшаш жойида доимий прописка қилинади.

Ўзгартиш киритилган қарорнинг 2- бандига мувофиқ, 2011 йилнинг 15 сентябригача Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискада турган ва қариндошликнинг биринчи ва иккинчи даражаларида бўлганлар қайдга олинади. “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий рўйхатга олиш тоифалари рўйхати тўғрисида”ги қонунга илованинг 1- ва 8- бандида белгиланганларнинг яқин қариндошлари ҳам айнан шу бандга асосан қайдга олиниши белгиланди.

Эндиликда куни кеча қабул қарорнинг 5- банди (яъни, 1 йилдан ортиқ никоҳ асосида) асосида доимий қайдга тураётган шахслар фарзандлари ҳам “яқин қариндошлар” сифатида қайдга олинади.

Хорижликлар ва фуқаролиги йўқ шахслар пропискаси

Ҳужжатда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискадан ўтиш ҳуқуқига эга хорижлик ва фуқаролиги йўқ шахслар тоифалари ҳам белгилаб берилди.

Бу тоифалар хорижлик ва фуқаролиги йўқ шахсларнинг яқин қариндошлари, эр ёки хотини, қаровда ёки васийликда бўлган шахслар, вояга етмаган ва ота-онасиз қолган ака-укалар ёки опа-сингиллардан иборат.

Шунингдек, алоҳида прописка имтиёзига эгалар қаторига давлат идоралари, хўжалик ёки бошқа бошқарув идораларига таклиф этилган хорижлик мутахассислар ва уларнинг яқин қариндошлари киритилди. Улар Ўзбекистонда рухсат берилган яшаш муддатига доир доимий прописка қилинади.

Прописка қилиш учун зарур ҳужжатлардаги ўзгартишлар

Янгиликка кўра, ўзбекистонликлар билан 1 йилдан ортиқ қонуний никоҳда бўлганлар прописка олиш учун бу муддатни тасдиқлаб берувчи маҳалла оқсоқоли ва эр-хотин яшовчи ҳудуд Ички ишлар бўлимининг профилактика нозири томонидан имзоланган маълумотномани фарзандлари йўқ бўлган ҳолатдагина ОВИРга тақдим этишлари лозим. Фарзанди борлар эса, илгаригидек, боланинг нотариал тарзда тасдиқланган туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома нусхасини тақдим этадилар.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига турмуш қуриб келган чет эллик ва ватандошлиги йўқ шахслар нафақат никоҳ тўғрисида ёки бола туғилгани ҳақида гувоҳнома нусхаларини тақдим этади, балки ота-онаси ўлими ҳолатида – васийлик тўғрисида ҳужжатларни ҳам тегишли идораларга тақдим этишлари лозим.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасига 1992 йилнинг 28 июлигача (“Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисидаги” қонун кучга киргунга қадар) келиб жойлашган, эски СССР паспортига эга ё туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома билан узоқ муддат яшаб келаётган шахслар, Ўзбекистонда доимий қайдга олиниши учун ОВИРга хориж паспорти ёки фуқаролиги йўқ шахс ҳужжатини кўрсатиши шарт эмас.

Ҳужжатларни кўриб чиқиш тартиби осонлаштирилди

Аниқланишича, хорижлик ва ватандошлиги йўқ шахслар ҳужжатларини юқори инстанцияларга юбориш икки ҳафталик муҳлати қабул қилинган кунидан бошлаб ҳисобга олиниши алоҳида қайд этилди. Қонуннинг илгариги шарҳида бу муддат “ҳужжатлар кўриб чиқилгани ва расмийлаштирилганидан бошлаб” белгиланган эди.

Хорижликлар ва ватандошлиги йўқларнинг шахсига тегишли маълумотлар Ички ишлар вазирлигининг бош бошқармасида эмас, ОВИРнинг ўзидаёқ аниқлаштирилиши билдирилди.

Прописка қилишга рухсат олган ҳужжат эгасига 10 кунлик муҳлатда Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилояти Бош бошқармаси бошлиғи муовини қарори чиқарилади. Илгари бу масала бўйича қарор шахсан Ўзбекистон ички ишлар вазири муовини томонидан чиқарилган эди.

Доимий прописка қилишга рад жавобини ҳужжат эгаси 3 иш куни давомида қарор тўғрисида огоҳлантирилиши белгиланди. Аммо бу сафар бундай шахслар кейинги 3 кун давомида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудини тарк этишлари лозим.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG