Линклар

logo-print

Ўзбекистонда диний мотивлар билан қамалганлар оилалари устидан назорат кучайтирилди


Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида диний мотивлар билан қамалиб жазо муддатини ўтаётган ёки ўтаб бўлганларнинг оилалари устидан сўнгги бир ой ичида назорат кучайтирилгани Озодликка маълум бўлди.

Назорат баъзи ҳолатларда аъзоси “диний” маҳбус бўлган оилалар бошлиқлари билан шунчаки суҳбат кўринишида бўлса, бошқа ҳолатларда назорат тадбирига қатнашаётганлар хонадонларга қурол билан бостириб кириб, тинтув ўтказмоқда.

Тўрт фарзанднинг онаси, чинозлик 54 яшар Инобат Мирзаеванинг иккинчи ўғли, 1983 йилда туғилган Аҳмадилло диний-экстремистик ташкилотга аъзоликда айбланиб, суд ҳукми билан 2006 йили 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Онанинг айтишича, жазо муддати тугашига тақрибан бир ярим йил қолганида Аҳмадилло “раскрутка” қилиниб, муддатига яна 5 йил қўшиб берилган. Жазо муддати келаси йилда тугаши керак.

Инобат Мирзаеванинг Озодликка айтишича, бундан қарийб бир ой олдин – сентябрнинг учинчи декадаси бошида унинг уйига иккита Damasда одамлар келиб, тинтув ўтказган.

- Келишди. Бошига каска кийволганлар дарвозамнинг олдида турди қоровуллаб. Ҳовлим эркакка тўлиб кетди. Уйларимни кўришди. Ҳамма хоналарга кириб чиқишди. Ошхоналаримгача кириб чиқишди, дейди Инобат Мирзаева.

У кутилмаган “меҳмонлар” келиши биланоқ ўзини ёмон ҳис қила бошлаган ва шунинг учун текширувчилар хоналарда нимани қандай кўрганидан бехабар. Уларнинг қўлида қурол бор-йўқлигини ҳам эслолмайди. Бироқ у бошқа бир детални аниқ эслайди:

- Ўша куни неварам эндигина боғчадан келиб, уст-бошини алмаштириб, кўчага чиқиб кетган эди. Бироздан кейин уйга югуриб кирдида, “ойижон-ойижон, уйимизга аскарлар келди, қўлида пистолети бор”, деди ховлиқиб, деди Инобат Мирзаева.

Суҳбатдошимиз ўша кунги воқеадан сўнг инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига арз қилган. Ҳуқуқбонлар ўз навбатида Бош прокуратурага арз қилган ва яқинда Инобат Мирзаевага Бош прокуратурадан хат келган. “Хатда воқеа ўрганилажаги ва қонун бузилгани аниқланса, чора кўрилажаги айтилган”, деди Инобат Мирзаева.

Исми айтилмаслиги ва овози эшиттирилмаслиги шарти билан Озодликка гапирган тошкентлик бир тингловчининг айтишича, Чиноздагига ўхшаш воқеалар Тошкент шаҳрида ҳам бўлмоқда.

- 2000 йилдан кейин қамалган диний танишларимни яқинда Панельнийга олиб бориб қамаб қўишди. 10 кун ўтиришди. Ота-онаси ҳам билмади уларнинг қаердалигини. Яна бир танишим ҳозир Россияда. Унинг ҳам уйига келиб тинтув ўтказишган, деди тошкентлик тингловчи.

АҚШда истиқомат қиладиган тошкентлик блогер Мирраҳмат Мўминов Ўзбекистонда диндорлар ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни мамлакатдаги ўз каналлари орқали мунтазам кузатиб, кузатишларини ижтимоий тармоқларда ёйинлаб келади.

Унинг айтишича, текширувчилар диний мотивлар билан қамалиб чиққан ёки қидирувга берилган, ҳозирда эса, Ўзбекистондан ташқарида юрганлар хонадонларига ҳам келмоқда.

- Бундай хабарлар, - дейди Мирраҳмат Мўминов, - Тошкентнинг Юнусобод, Олмазор ва Шайҳонтовур туманларидан келди. Ҳамма жойда ҳам бир хил эмас. Баъзи жойларда тинтув ўтказилса, бошқа жойларда шунчаки суҳбат билан чекланишмоқда.

Суҳбат ўтказувчилар, Мирраҳмат Мўминов қўлга киритган маълумотларга қараганда, ташқарида юрганларнинг оила аъзоларига “Ўғлингиз (эрингиз, акангиз, укангиз...) қайси давлатда яшайди, қаерда ишлайди, пул жўнатадими, пулни қандай жўнатади, алоқага чиқадими, скайп адреси борми”, каби саволлар бермоқда, уларнинг телефонини сўрамоқда".

Мирраҳмат Мўминовнинг айтишича, Тошкентдаги каби текшир-текширлар Андижонда ҳам бўлмоқда. Бу шаҳарда 2005 йил, 13 май воқеаларини уюуштирганликда айбланиб келадиган "акрамийлар" оилалари текширилмоқда.

Диний мотивлар билан озодликдан маҳрум этилганларнинг яқинларидан келиб тушадиган аризаларни жамоатчиликка маълум қилиш билан шуғулланиб келаётган тошкентлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромов Озодлик билан суҳбатда сўнгги бир ой ичида “диний”лар оилалари устидан назорат кучайганини қўлидаги аризаларга таяниб айтди:

- Диний мотивлар билан қамалганларнинг уйларига текширувчилар келиши кейинги пайтда жуда кўпайди. Сабабини билолмаяпмиз. Кўпчилик бўлиб, 10 – 15 киши бўлиб юзларида қора ниқоб, қўлларида автоматлар билан келишаяпти, деди Суръат Икромов.

У ўз ихтиёридаги аризаларга таяниб, Тошкент вилоятининг Зангиота ота ва Чиноз туманларида бир неча хонадонда ўтказилган тинтув тўғрисида айтиб берди. Улар орасида лавҳамиз бошида тилга олинган Инобат Мирзаева ҳам бор.

Диний мотивлар билан қамалганлар оилалари устидан назоратнинг фавқулодда кучайтирилиши сабаби нимада?

Бу саволни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Зикрилло Неъматовга беришга улгурмадик. Телефонни кўтарган мулозим, ўзимизни таништиришимиз биланоқ, алоқани узиб қўйди ва кейин қўнғироқларга жавоб бермади.

Бош вазир Шавкат Мирзиёвнинг виртуал қабулхонасига қилган мурожаатимиздан ҳам иш чиқмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG