Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:42

Қирғизистонда Конституция "йўқолиб қолди"


Қирғиз Республикаси Конституцияси
Қирғиз Республикаси Конституцияси

Бу ҳақда 19 октябрь куни парламентда бўлиб ўтган “Қирғиз Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинаётган тингловлар пайтида маълум бўлди. Қирғизистон Адлия вазирлиги ва президент маъмурияти мамлакат Бош Қонунининг асл нусхаси йўқолиб қолгани ҳамда унинг қаерда экани номаълум эканини билдирди. Жамоатчилик ҳукуматга “Йўқ нарсага қандай қилиб ўзгартиришлар киритиш мумкин?” деган саволни бермоқда.

Қирғиз парламентининг навбатдаги йиғилишида депутатлар жамоатчиликда “Қирғизистон Конституциясининг асл нусхаси йўқолган. Ҳозир мавжуд бўлган Конституция нусхалари билан ҳукумат газеталарида эълон қилинган Бош Қонун матни ўрасида фарқ бор” қабилидаги гаплар нақадар ҳақиқатга яқин эканини ҳукуматдан тушунтириб беришни талаб қилдилар.

Бунга жавоб берар экан Адлия вазири Жилдиз Мамбеталиева мана буларни билдирди:

-Конституциянинг асл нусхаси Адлия вазирлигида бўлмаган. “Слово Киргизстана” газетасида чоп этилган Конституция версиясини эса Адлия вазирлиги тақдим этмаган. Ҳукумат газеталарида чоп этилган версия билан Конституциянинг Адлия вазирлигида сақланаётган нусхаси матнида фарқлар бор, - деди Жилдиз Мамбеталиева.

Шундан сўнг президентнинг парламентдаги вакили Мўлдўкул Абдилдаев ҳам Конституциянинг асл нусхаси президент аппаратида ва архивида йўқ эканини тасдиқлади.

Президент маъмурияти раҳбари Фарид Ниёзов журналистларга бу борада берган тушунтиришида Конституциянинг асл нусхаси топилмаётгани муносабати билан, ҳукумат газеталарида чоп этилган вариант асл нусха сифатида қабул қилинишини билдирди:

-Бу вазиятда “Эркин-Тоо” газетаси яккаю ягона асл нусха бўлиб қолмоқда, - деди Фарид Ниёзов.

Конституциянинг йўқолгани тўғрисидаги хабар парламентда Бош Қонунга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги лойиҳа муҳокама қилинаётган пайтга тўғри келди.

Қирғизистонлик фаоллар ва мухолифат президент Алмазбек Атамбаев ташаббуси билан Конституция ўзгартирилишига қарши муносабат билдириб келаётган эди. Конституциянинг йўқолиши эса қирғиз жамиятида ва ижтимоий тармоқларда “Йўқ нарсани қандай қилиб ўзгартириш мумкин?” деган муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Бундай савол парламент депутатлари томонидан ҳам кўтарилди. Бироқ бу саволга ҳукумрон коалиция, ҳукумат ва президент маъмурияти вакиллари орасида жавоб берадиган одам топилмади.

Депутатлардан айримлари эса Конституция асл нусхасининг йўқолишини шармандали ҳолат сифатида баҳоладилар.

-Одатда биринчи ва иккинчи президентлар Конституцияни ўз иш кабинетида сақлаган. Ҳозирги президент Алмазбек Атамбаев Конституцияга қўл қўйиб онт берган, биз депутатлар ҳам Конституцияга қўл қўйиб онт берганмиз. Агар, Конституциянинг асл нусхаси йўқолган бўлса, биз сохта Конституцияга қўл уриб қасамёд қилдикми? Бу Қирғизистон учун тарихий ор-номус масаласи. Шунинг учун парламент комиссия тузиб, Бош Қонуннинг асл нусхаси нега йўқолиб қолганини текширишимиз шарт, - деди депутат Канибек Иманалиев.

Унинг бу таклифи бошқалар томонидан ҳам қўлланди. Бироқ бу масалада ҳозирча аниқ бир қарор қабул қилимади. Конституциянинг йўқолиб қолгани юзасидан бугунги кунгача президент ёки бош вазир ҳеч қандай муносабат билдиргани йўқ.

Президент Атамбаевнинг Конституцияга ўзгартириш киритиш ташаббуси Қирғизистонда бир неча ой олдин катта сиёсий жанжалнинг бошланишига сабаб бўлган ва бу жанжал мухолифат, собиқ президент Роза Ўтунбаева ва амалдаги ҳокимият ўртасида ҳозиргача давом этаётган ахборот урушини бошлаб берган эди.

XS
SM
MD
LG