Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:02

Қирғизистонда ҳукумат истеъфога кетди


Қирғиз парламентидаги социал-демократлар фракцияси лидери Иса Ўмурқулов (ўртада).
Қирғиз парламентидаги социал-демократлар фракцияси лидери Иса Ўмурқулов (ўртада).

Қирғизистон бош вазири ўринбосарларидан икки нафари Ўшда ўзбек делегациясига мезбонлик қилаётган бир кунда бу мамлакатда ҳукумат истеъфога кетди. Эндиликда қирғиз парламенти янги коалиция тузиши ва янги бош вазир номзодини кўрсатиши керак.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев 26 октябрь куни ҳукумат истеъфоси тўғрисидаги фармонни имзолади.

Президент матбуот хизматидан маълум қилишларича, Қирғизистон социал-демократлар партияси, “Ўнугуу-Прогресс”, “Ата Мекен” ва “Қирғизистон” фракциялари ўртасида 2015 йил 2 ноябрида тузилган шартнома бузилиши ортидан ҳукумат истеъфога кетади, бош вазир, унинг биринчи ўринбосари ва бошқа муовинлари, вазирлар ва бошқа маъмурлар янги ҳукумат тузилгунига қадар ўз вазифаларини бажаришда давом этиб турадилар.

Қирғизистон социал-демократлар партияси лидери Иса Ўмурқулов ўз партияси кўпчилик коалициясидан чиқишини 24 октябрь куни эълон қилганди. Бунга “Ата Мекен” ва “Ўнугуу-Прогресс” фракциялари билан орада чиққан ихтилоф сабаб бўлган айтилган.

Мамлакат конституциясига кўра, коалициядан бир партия чиқиб кетса, ҳукумат истеъфо бериши шарт. Парламентдаги кўпчилик коалицияси раҳбари Қанат Исаев чоршанба куни коалиция тарқагани ҳақида расмий баёнот берди.

Бу орада Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ҳукмрон коалиция тузиш ҳуқуқини Қирғизистон социал-демократлар партиясига берди.

26 октябрь куни имзоланган ҳужжатга мувофиқ, Қирғизистон парламенти шу йил 17 ноябригача коалиция тузиб, бош вазирликка номзод кўрсатиши лозим.

Хабарларга кўра, ҳозирда Қирғизистон социал-демократлар партияси вакиллари кўпчилик коалициясини тузиш бўйича консультацияларни бошлаб юборган.

Социал-демократлар лидери Иса Ўмурқулов янги коалицияга “Ата Мекен” ва “Ўнугуу-Прогресс” фракциялари кириши маҳол эканини айтди. Айни пайтда Ўмурқулов янги ҳукумат таркибида катта ўзгаришлар бўлмаслигини қўшимча қилган.

Социал-демократлар лидерининг бу сўзларидан кейин Қирғизистон парламентидаги янги коалиция Қирғизистон социал-демократлар партияси, “Республика- Ата Журт” ва “Қирғизистон” фракциялари орасида тузилиши, “Ата Мекен”, “Ўнугуу-Прогресс” ва “Бир бўл” фракциялари эса мухолифатда қолиши мумкинлиги ҳақида тахминлар ўртага ташлана бошлади.

XS
SM
MD
LG