Линклар

АҚШ президентига номзод демократ Ҳиллари Клинтон ҳамда республикачи Дональд Трамп ўртасидаги рақобат кескинлашгани туфайли глобал биржа бозорлари ҳамда АҚШ доллари тушиб кетди.

Сайловолди сўровлари бир неча ҳафтадан бери Клинтон Трампдан анча олдинда эканлигини кўрсатиб келаётгани учун инвесторлар сайловда Клинтоннинг қўли баланд келишига ишониб келаётган эди. Аммо ўтган ҳафтада Федерал қидирув бюроси Клинтоннинг электрон почтадан фойдаланиши ҳақидаги тергов яна бир гуруҳ мактубни кўриб чиқаётганини эълон қилиши ортидан икки номзод ўртасидаги фарқ кичрайди.

8 ноябрь куни бўлиб ўтадиган сайлов ҳақидаги ноаниқлик ортидан 1 ноябрь куни Уолл-стрит биржалари тушиб кетди. АҚШ биржа индекслари камида 1 фоизга қадрсизланди. “Стандард энд Пурз 500” индекси охирги тўрт ой давомидаги энг паст кўрсаткичга тушди.

АҚШдаги хавотирлар Европа ва Осиё биржаларига ҳам таъсир қилди. 2 ноябрь куни Франкфуртнинг асосий индекси 1,3 фоиз йўқотди. Париж биржаси 0,9 фоизга, Япониянинг “Никкей” индекси эса 1,1 фоизга пастлади.

Инвесторлар АҚШдаги сиёсий ўзгаришлардан хавотир олиб, маблағларини олтин ва шунга ўхшаш бошқа ишончли молларга олиб ўтиши ортидан АҚШ долллари бошқа валюталарга нисбатан 1,1 фоизга арзонлади ҳамда сўнгги уч ҳафтадаги энг паст кўрсаткичга тушди.

Kingsview Asset Management ширкатининг инвестицион портфеллар менежери Пол Нолте Reuters агентлиги билан суҳбатда “Бозорлар Ҳиллари ғолиб чиқишига мослашиб олган эди. Трампнинг қўли баланд келса, бозорлар безовталанади. Шунинг учун ҳам бозорда жадал сотиш кузатиляпти, чунки кейинги ҳафта давомида суриштирувлар натижалари ўртасидаги фарқ озайиб келмоқда”, деди.

XS
SM
MD
LG