Линклар

logo-print

Андижонлик давлат хизматчиси "Тозалаш" тадбири ходимларини қонунга риоя қилишга чақирди


Осиё Қўчқорова 20 кун ичида виртуал қабулхонага 5 марта мурожаат қилганини айтади

Осиё Қўчқорова 20 кун ичида виртуал қабулхонага 5 марта мурожаат қилганини айтади

Андижон вилояти Балиқчи тумани пенсия жамғармаси ходимаси маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органларини “Tозалаш-Антитеррор" тадбири баҳонасида оддий ватандошлар ҳуқуқ ва эркинликларини бузишда айблади.

Балиқчи тумани пенсия жамғармаси хўжалик ишлари мудираси Осиё Қўчқорованинг Озодликка шикоят қилишича, туман ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидан ташкил топган гуруҳ унинг уйини 12 октябрда “қонунда кўрсатилган тартибга хилоф равишда” тинтув қилган, уни ҳақоратлаган, милиция бўлинмасига олиб бориб, бармоқ изларини олган ва “қамоққа тиқамиз”, дея таҳдид қилган.

34 яшар Осиё Қўчқорова ҳодиса юзасидан Бош вазир виртуал қабулхонасига беш марта шикоят аризаси ёзгани аммо, ҳозиргача ҳеч қандай жавоб ололмаганини айтади.

​Осиё Қўчқоровага кўра, 12 октябрда 6 кишилик бир гуруҳ Балиқчи туманида юз берган ўғирлик жинояти юзасидан Осиёнинг Тошкентда истиқомат қилувчи акаси Жаҳонгир Қўчқоров гумонланаётгани ва уй тинтув қилиниши кераклигини маълум қилиб, “эшикни бузиб” киради:

- Иш жойимда эдим. Онам телефон қилди. Ниҳоятда қўрқиб кетган. Шокка тушиб қолган. Тез етиб кел, уйни тинтув қилишмоқчи, дедилар. Хулласи калом, учтаси формада иккитаси граждан либосида. Маҳалла раиси гувоҳлик қилган, посбон гувоҳ бўлган, бир қўшни эркак гувоҳ бўлган. Онамга улар бошида тўғри маълумот бермаган. Онамга “Қўчқоров Илҳомжон хўжайинингиз ўғирликда гумон қилиниб, уйни тинтув қилгани келдик,” деган. Онам қўрқиб кетганда, “хўжайиним келса, эшикни очаман, ҳозир очмайман,” деган. Улар “ие, қарорда Қўчқоров Жаҳонгир экан ўғлингиз, Балиқчи туманида бировнинг хонадонида ўғирлик бўлган, Дамасда бир миллион пул йўқолган, гумондор шахс сифатида Қўчқоров Жаҳонгирнинг хонадони тинтув қилинсин, деган қарор бор қўлимизда, дейишади. Онам қўрқиб кетганда, эшикни очмаган. Мен ишхонадан борсам, аллақачон, эшикни бузиб, бостириб кириб, ҳамма ёқни тинтув қилаётган экан, - деб эслайди Осиё Қўчқорова.

У ўша куни юз берган ҳодисадан ҳамон ўзига кела олмаётганини айтади:

-Уйни тинтиди. Мен тинтувга қарши эмасман, лекин тинтувнинг қарорларига ўзлари риоя қилмади. Бизга қўпол муомала қилди. Онамни ҳақорат қилди. Куракта турмайдиган... Мен у сўзни айтгани уяламан. Қоғозга ўраб айтаман: сизни ички кийим, латталарингизни кўргани кирганим йўқ, деди. Онам: мана бунда ички кийимларим бор, ўғлим, ўзим очай, деса, ёйиб ташлади. Тушунаяпсизми? – дейди Осиё Қўчқорова.

У ҳуқуқ-тартибот ходимлари тинтувни қонунга хилоф равишда ўтказганини иддао қилди:

- Мен тинтув қарорини сўрадим. Қўлимга бермади, ушлатмади. Қарорнинг 160, 161, 162, 164-моддаларга асосан, тинтув ўтказаяпмиз, деди. Лекин 160-моддада қарор билан хонадон эгасини таништириб, имзо қўйдириш керак экан. 161,162-моддаларда бир жинсли шахс тинтув ўтказиши керак экан, яъни биз аёлларни текшириш учун аёл киши кириши керак экан шерик бўлиб. Ҳам саранжомликни сақлаган ҳолда, дейилган экан, - дейди Осиё Қўчқорова.

Тинтув баённомаси

Тинтув баённомаси

У туман ички ишлар бўлимига олиб борилгани, бармоқ излари ва фотосуратлари олиниб, 2014 йилда нима учун Туркияга сафар қилгани ҳақида маълумот беришга мажбурланганини илова қилди:

- Мендан бармоқ изи ва фотосурат олишди. “2014 йилда Туркияга чиққан экансиз,” деб сўради. Тўғри, паспортимда ОВИР бор, Туркиянинг печати бор. 2014 йилда мен Туркияга чиқиб келганимдан кейин Балиқчи туман Миллий хавфсизлик хизмати суҳбат қилган, Ички ишлар суҳбат қилган. Мен, как положено, иш жойимдан қонуний таътил олиб чиқиб келганман. Улар: “Нима мақсадда чиққансиз?” деб сўрашди яна. Мен айтдим: “Турист бўлиб чиққанман, ўйнаб келганман, саёҳат қилганман”. “Ахир у ер ўйнагани жоймасу,” деяпти. Ахир, декларацияда турист деб белгилаганман, аэропортда нима учун божхона йўлимни тўсмаяпти, чиқма, сен турист бўлиб бориш мумкин эмас, демади? - дейди Осиё Қўчқорова.

У, шунингдек, милиция бўлинмасида тинтув баённомасига имзо қўйишга мажбурлангани, ўзига нисбатан қамоқ таҳдиди бўлганини иддао қилди.

тинтув ўтказиш тартиби

тинтув ўтказиш тартиби

Айни ҳодисада иштирок этган ички ишлар ходимларининг хатти-ҳаракати юзасидан Осиё Қўчқорованинг отаси, Илҳомжон Қўчқоров, Ўзбекистон бош вазири виртуал қабулхонасига шикоят аризаси йўллаши ортидан Андижон вилоят прокуратураси расмий жавоби келган.

Бироқ, тинтув пайтида "тадбирга жалб қилинган ходимлар томонидан... қонунсиз хатти-ҳаракатлар содир этилгани аниқланмади," дея таъкидланади прокуратура жавобида.

Осиё Қўчқорова сўзлаб берган ҳодиса юзасидан Балиқчи туман милицияси бошлиғи Сардорбек Умаров Озодликка изоҳ беришни истамади.

Осиё Қўчқорова ҳозирга қадар бош вазир виртуал қабулхонасига 5 бор шикоят аризаси ёзгани, аммо ҳанузгача унга жавоб берилмаганини айтади.

Ўзбекистонда “Тозалаш - Антитеррор” тадбирига қарши эмаслигини айтган Осиё Қўчқоровага кўра, ҳукумат чиқарган қарорларни жойларда ходимлар "ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқда".

Андижон прокуратураси жавоби

Андижон прокуратураси жавоби

Осиё Қўчқорова унинг аризалари президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев виртуал қабулхонасига етиб бормаётгани учун Озодликка мурожаат қилишга мажбур бўлганини алоҳида таъкидлади:

- Аризаларим айнан у инсоннинг қўлига етиб бориши учун чиқаяпман. Балки шикоятим овозим орқали етиб борса. Балки жиддийроқ қарармикин? Ички ишлар органлари, прокуратура ходимларига жиддийроқ муносабатда бўлармикин?

Ўзбекистон Ички ишлар идоралари 20 февралда бошланган кенг кўламли “Тозалаш - Антитеррор” тадбири ўтган ой Андижон вилоятида ўтказилган эди.

Текширув доирасида хорижга чиққан ўзбекистонликларга оид шахсий маълумотлар тўпланиб¸ улар билан “профилактик” суҳбат ўтказилади ва махсус рўйхатга киритилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG