Линклар

Москвада Amnesty International офиси муҳрлаб қўйилди


Amnesty International Москва офисининг муҳрланган эшиги, 2016 йил 2 ноябри.

Amnesty International Москва офисининг муҳрланган эшиги, 2016 йил 2 ноябри.

Москва расмийлари Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти офисини муҳрлаб қўйди. Ташкилотнинг Россиядаги ваколатхонаси раҳбари Сергей Никитин бу хатти-ҳаракатни “дўстона бўлмаган ва ҳатто зўравонона бўлган ҳаракат” дея баҳолади.

Никитин 2 ноябрь куни Озодлик билан суҳбатда тунда Amnesty International офисининг эшиги бузилгани, қулфлари эса алмаштириб қўйилганини билдирди.

Томонлар бу борада бир-бирига зид изоҳларни бермоқдалар. Москва расмийлари офис қарз туфайли ёпиб қўйилганини айтсалар, Amnesty International вакиллари ижара ҳақи ўз вақтида тўлангани, бино эса ҳеч бир изоҳ ва огоҳлантиришсиз тўсатдан муҳрлаб қўйилганини билдирмоқдалар.

Никитин AI 20 йилдан буён Москва шаҳар мулк бошқармасидан бино ижарага олиши ва ижара пулини доим ўз вақтида тўлаб келганини айтди.

Офис кириш эшигидаги муҳрли қоғозда вазиятга ойдинлик киритилмаган. Унда ходимлар кўрсатилган телефон рақами орқали ижарачи билан боғланиши лозимлиги ёзилган.

Сўнгги йилларда Россияда халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларига нисбатан босим кучайган. 2012 йили бу мамлакатда хориждан молиялаштирилувчи ва сиёсий фаолият билан шуғулланувчи барча ноҳукумат ташкилотларига “хорижий агент” сифатида рўйхатдан ўтиш мажбуриятини юкловчи қонун қабул қилинган. Танқидчилар мазкур қонундан мақсад норозилар овозини ўчириш эканини айтиб келадилар.

XS
SM
MD
LG