Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:07

ЕХҲТ Ўзбекистонга илк бор тўлақонли кузатувчилар миссияси юбормоқда


Шу йилнинг 2 ноябридан Ўзбекистонда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) миссияси иш бошлади. Бу Ўзбекистонда ўтказилажак президент сайловларини кузатишга юборилган биринчи тўлақонли кузатувчилар миссияси экани айтилмоқда.

Президент сайловини кузатишга келган ЕХҲТ миссияси гуруҳига 28 нафар узоқ муддатли ва 250 нафар қисқа муддатли кузатув ваколатига эга дипломатлар кирган.

Миссия раҳбари этиб швециялик дипломат Йохан Петер Трауготт Тейлер тайинланди. Охирги тўрт йил давомида жаноб Тейлер Эрон Ислом Республикасидаги Швеция элчиси вазифасини бажариб келган.

ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросидан Озодликка берилган маълумотларга кўра, миссия икки: “таҳлилий” ва “тезкор” гуруҳларидан иборат бўлиб, улар Ўзбекистон президенти сайлови билан боғлиқ барча маълумотларни йиғиш, умумлаштириш ва якуний таҳлил билан шуғулланиши белгиланган.

ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси матбуот вакили Томас Раймер Озодлик билан суҳбатда узоқ муддатли кузатувчиларнинг асосий қисми жорий йилнинг 5 ноябригача келишини билдирди.

Раймер бу таркибдаги тўлақонли миссия Ўзбекистонга биринчи маротаба юборилаётганини тасдиқлаб, деди:

- Биз Ўзбекистондаги сайлов расмийлари, жумладан президентликка номзодлар, сиёсий партиялар вакиллари, фуқаролик жамияти аъзолари ва сайловчилар билан бўлган мулоқотдан кейин у ерга бу таркибдаги баҳолаш миссиясини юборишга қарор қилдик. Вакиллик Ўзбекистондаги сайлов тизимини такомиллаштиришга кўмаклашиши режалаштирилган. Кўпсонли кузатувчилар юборилиши сайлов бўладиган кунда овоз беришни ҳар томонлама, шу жумладан минтақаларда кузатиш ва таҳлил қилиш ҳамда бунинг асосида ўз тавсияларимизни бериш имконини яратади, деди Томас Раймер.

Қисқа муддатга кузатувга келган 250 нафар вакил зиммасига сайлов ўтказиладиган куни республиканинг турли туманларидаги сайлов участкаларда иш олиб бориш ва сайлов ҳақида миссия штаб-квартирасига тўлиқ маълумот етказиш юклатилгани айтилди.

Қисқа муддатга келадиган кузатувчилар 2- дан 6 декабргача Ўзбекистонда бўлиши режага киритилди.

2016 йилнинг 2 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш бўйича миссияси раҳбари Петер Тейлер бошчилигидаги кузатувчилар билан учрашув бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси матбуот хизматида “алоқа сифати ёмонлиги”ни баҳона қилиб, миссия тўғрисида Озодликка қўшимча маълумот беришмади.

ЕХҲТ ДИИҲБ 2004 ва 2014 йиллардаги парламент сайловлари, 2007 ва 2015 йиллардаги президент сайловларига чекланган миссиясини жўнатган бўлса, 2009 йилдаги парламент сайловларига баҳоловчи миссияни юбориш билан чекланганди.

Ўзбекистон президенти сайлови 4 декабрда ўтказилади.

Ўзбекистон президентлигига номзод сифатида Ўзбекистон Демократик партияси "Миллий тикланиш"дан Сарвар Отамуратов, Либерал-демократик партиядан Шавкат Мирзиёев, Халқ демократик партиясидан Ҳотамжон Кетмонов ва "Адолат" Социал-демократик партиясидан Наримон Умаров рўйхатга олинган.

Ҳозирга қадар Ўзбекистонда ўтказилган президент ва парламент сайловларининг барчаси ЕХҲТ томонидан нодемократик ва демократик стандартларга мос келмайди¸ деб баҳоланган.

XS
SM
MD
LG