Линклар

Қозоғистон суди давлат тўнтаришига уринишда айбланган тадбиркорни 21 йилга қамади


Бугун Қозоғистон суди тадбиркор¸ “Шимкентпиво” заводининг собиқ мулкдори Тохтар Тўлашевни ер ислоҳотларига қарши норозилик чиқишлари уюштириш орқали давлат тўнтаришига ҳозирлик кўрганликда айбдор деб топди ва уни 21 йиллик қамоққа ҳукм қилди. Ҳукмга кўра¸ судланувчи бу жазони кучайтирилган режимдаги колонияда ўташи керак.

Шунингдек¸ суд ҳукмига мувофиқ Тўлашевнинг бор мол-мулки мусодара қилинди ва унинг тижорий ва жамоатчилик ташкилотларида раҳбар лавозимларда ишлаши умрбод тақиқланди.

Қозоқ ҳакамлари президент Назарбоевга мурожаат қилиб¸ Тўлашевни полковник унвони ва Ҳурмат орденидан маҳрум қилишни ҳам сўрадилар.

2016 йил январида ҳибсга олинган Тўлашевга июль ойида Қозоғистонда давлат тўнтариши қилишга ҳозирлик кўриш айби қўйилди.

Тадбиркор билан бирга 24 нафар юқори лавозимли амалдор ва ҳарбийлар ҳам суд қилинди. Улар орасида Тўлашевнинг ўғли¸ Қозоғистон бош прокурорининг собиқ 1-ўринбосари¸ Конституциявий кенгаш собиқ аъзоси ҳам бор.

XS
SM
MD
LG