Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:48

АҚШда 1 миллиондан ошиқ мусулмон овоз бериш арафасида


8 ноябрь куни Америка Қўшма Штатларида бир миллиондан ошиқ мусулмон сайловчисининг овоз бериши кутилмоқда. Сайлов нафақат президентликка¸ балки Конгресс¸ штат, шаҳар, туман бошқаруви ҳамда қонунчилик органлари учун ҳам ўтади. Шунингдек, сайловда қатор маҳаллий ва федерал масалалар ҳам овозга қўйилади.

Америка мусулмонлари кенгаши сайловда фаол қатнашишни тарғиб қилиб, овоз бериш ҳуқуқига эга ҳар бир фуқарони масалаларни изчил ўрганиб, қарор қабул қилишга ундаб келмоқда.

“Масжидлар, мактаб ва жамоат марказларида тадбирлар ўтказиб келаяпмиз. Мисли кўрилмаган миқдорда овоз берамиз деган умиддамиз",- дейди кенгаш фаолларидан бири Осама Жамол.

Америка-Ислом Алоқалари Кенгаши ҳисобича, мусулмонларнинг 86 фоизи овоз беришга шай.

Оқ уйга республикачи номзод Доналд Трамп мусулмонлардан шубҳаланиб, уларни кескин текшириш керак деб чиққанидан бери жамоа анча сергак тортган.

Америка мусулмонларининг аксарияти қора танлилар, жанубий осиёликлар ва араблардир. Улар бу заминда узоқ тарихга эга ва бошқа америкаликлардан қолишмайди, дейди жамиятшунослар.

Америка-Ислом Алоқалари Кенгаши раҳбари Ниҳад Авад фикрича, Трампнинг гаплари сайловолди васвасаси ва пропаганда. Лекин уларга жиддий қараш керак, дейди фаол.

Расмий маълумотларга кўра, АҚШда 3,3 миллион мусулмон бор ва улардан 1,5 миллиони овоз бериш ҳуқуқига эга.

2500 масжид, 500 мактаб ва жамоат марказларида тарғибот ишлари олиб борилган.

Мусулмонлар азалдан консерватив қатлам ҳисобланади ва одатда республикачиларга овоз бериб келган. Бироқ ҳозирда кўпчилик демократлар томонда. Чунки уларга республикачи номзод Трамп маъқул эмас.

Мусулмон давлатларидаги урушларда ҳам кўпчилик республикачиларни айблайди. Октябр ойидаги сўровларда мусулмон америкаликларнинг 72 фоизи Ҳиллари Клинтон, демократ номзодни қувватлашини айтган.

Калифорния, Ню-Йорк ва Ню-Жерси сингари штатлар асосан демократларники ва мусулмонлар бу ҳудудларда катта сонларни ташкил этади.

Флорида, Мичиган, Оҳаё, Пеннсилвания ва Виржиния сингари бирор партияга содиқ бўлмаган штатларда ҳам мусулмонлар оз эмас.

(Мақола Америка овози расмий сайтидан олинди.)

XS
SM
MD
LG