Линклар

Навоийда диний экстремизмда гумон қилинган ёлғиз онанинг уйи остун-устун қилинди


Тинтув қилинган хонадон

Тинтув қилинган хонадон

Навоий вилояти Кармана тумани ички ишлар ходимлари "Тозалаш" амалиёти доирасида кўплаб карманаликлар қатори 6 ноябрь кечга яқин айни туман "Бешкент" маҳалласида истиқомат қилувчи ёлғиз она Тўхтагул Турдиеванинг хонадонида тинтув ўтказди.

Туман прокурори қарори асосида ўтказилган тинтувга 36 яшар Тўхтагул Турдиеванинг "диний экстремистик мазмундаги жиноятларни содир этганликда гумонлангани" сабаб бўлган.

Аммо, Тўхтагул Турдиеванинг ўзи Озодлик билан суҳбатда мутлақо диндор эмаслигини айтди.

Турдиева тинтув чоғида милиция ходимлари уни 13 яшар фарзанди ўнгида ҳақоратлаб, ўзига нисбатан куч ишлатганларини иддао қилди.

Турдиеванинг айтишича, милиция ходимлари уни туман ички ишлар бўлимида “қонунга хилоф равишда” бир соат давомида ушлаб турганлар, планшетини мусодара қилганлар.

Озодлик Тўхтагул Турдиева илгари сурган иддаолар юзасидан тинтувда қатнашган Кармана туман ички ишлар ходимларидан изоҳ ололмади.

"Деворга тўнқайтириб қўйиб, текширинглар"

Тўхтагул Турдиева тинтув пайтида аёллар бўлмаганини айтади

Тўхтагул Турдиева тинтув пайтида аёллар бўлмаганини айтади

Тўхтагул Турдиеванинг ҳикоя қилишича, 6 ноябрь кечга яқин “автоматлар тақиб олган” тўрт нафар милиция ходими унинг Кармана тумани Бешкент маҳалласидаги уйига бостириб кириб, қўлига тинтув қилиш тўғрисидаги прокурор қарорини тутқазган.

Турдиева иддаосига кўра, милиция ходимлари тинтув чоғида унга “жиноятчига қилинган" муомалада бўлганлар.

- Худди жиноятчига қилган муомалани қилаяптилар. Ўғлим 13 ёшда. Қўрқиб қолди. Ўғлимгаям, менгаям дўқ ураяптилар. Телефонимни қўлимдан тортиб олмоқчи бўлиб, куч ишлатдилар менга. Кейин деворга тўнқайтириб қўйиб, текширинглар, деб участковой бақириб кетди, - дейди Турдиева.

Шикоятчи тинтувнинг аёл ходимлар иширокисиз ўтказилганини қўшимча қилди.

- Ҳеч қанақа аёл йўқ эди. Менинг ички кийимларимгача турувди. Шундай ҳамма нарсани эркаклар кўрди. Мен:“Сизнинг уйингизда ҳам аёл борку, аёлнинг ички нарсаларини кўраяпсизлар,” дедим. “Ўтингда кийининг, ҳозир биз билан бирга кетасиз,” дедилар, – дея ҳикоя қилади Турдиева.

Тўхтагул Турдиева хонадони Кармана туман прокурори қарори асосида тинтилган

Тўхтагул Турдиева хонадони Кармана туман прокурори қарори асосида тинтилган

Тўхтагул Турдиева ўз сўзининг исботи сифатида Озодликка электрон почта орқали тинтув қилиш тўғрисидаги Кармана туман прокурори қарори ва уйининг тинтувдан кейинги ҳолати тасвирланган фотоларни йўллади.

"Диний экстремистик мазмундаги жиноятлар"

Кармана туман прокурори қарорида “диний экстремистик мазмундаги жиноятларни содир этганликда гумонланган” Тўхтагул Турдиеванинг уйида “зудлик билан тинтув” ўтказиш лозимлиги таъкидланган.

Ўзининг мутлақо дунёвий аёл эканини таъкидлаган Турдиева прокуратура гумонидан "таажжуб"га тушганини билдирди.

Фотосуратларда, шунингдек, уй жиҳозлари, кийим-кечак ва кўрпа-тўшакларининг бутунлай ағдар-тўнтар қилиб ташланганини кўриш мумкин.

Тўхтагул Турдиева диний экстремизмда гумонланмоқда

Тўхтагул Турдиева диний экстремизмда гумонланмоқда

Турдиева милиция ходимлари протокол тузиб, унинг планшетини олиб қолганликларини маълум қилди.

Суҳбатдошнинг айтишича, тинтув ўтказган милиция ходимлари унга Озодлик радиосида қилган чиқишининг ноқонуний бўлганини эслатганлар:

- Планшетини олаяпти-да, "Озодлик радиосига чиққан экансиз - деяпти. - Кириш мумкин эмас, нега ўша ерга кирдингиз". Мен айтдим: "Мен ўзим борганман миллий хавфсизликка. Мен чиқдим Озодликка. Менга ёрдам кўрсатилмаса, яна чиқаманда, борганман, дедим. Чунки, менга ҳеч ким ёрдам бермади," дедим, - дейди Тўхтагул Турдиева.

2014 йил апрель ойида Кармана тумани газ идораси назоратчиси бўлган Тўхтагул Турдиева тумандаги собиқ милиция ходими уйидаги иситиш қозони газ тизимига ноқонуний уланганини аниқлагани ҳақида Озодликка сўзлаб берган ва унга қарши бошланган босимлардан шикоят қилганди.

Фуқаровий ҳақ-ҳуқуқлари бузилганини даъво қилган Тўхтагул Турдиева эндиликда Ўзбекистон Бош вазири виртуал қабулхонасига шикоят қилиш ниятида эканини билдирди.

- Мен айтдим:"Сизнинг ҳуқуқингиз йўқ. Менинг ҳуқуқимни бузаяпсизлар. Менинг ҳуқуқимни поймол қилаяпсизлар," дедим. Мен чиқаман сизнинг устингиздан шикоят қилиб," дедим - дейди Тўхтагул Турдиева.

Айни куннинг ўзида Кармана туманида истиқомат қилувчи ногирон журналист Дилдора Боймуродованинг ҳам уйи тинтув қилинганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG