Линклар

Америкаликлар президентлик сайловида овоз бермоқда


АҚШ президентлигига номзодларнинг сайловолди плакатлари.

АҚШ президентлигига номзодларнинг сайловолди плакатлари.

Бугун Америка Қўшма Штатларида президентлик сайлови бўлиб ўтяпти.

8 ноябрь куни Тошкент вақти билан 15.00да АҚШда сайлов участкалари очилди.

Бу пайтга келиб АҚШнинг Атлантика океани соҳилидаги Ню Ҳэмпшир штатидаги саноқли одамлар яшовчи шаҳарларда аллақачон овозлар бериб бўлинган эди.

Ню Ҳэмпшир штатининг Диксвилл-Нотч шаҳрида ўтказилган овоз бериш натижасига кўра Ҳиллари Клинтон кўп овоз қозонган.

1960 йилдан буёнги анъанага кўра, Диксвилл-Нотч шаҳрида сайловчилар ярим тундан сўнг овоз бериш ҳуқуқига эга.

Тунда овоз бериш мумкин бўлган Ню Ҳэмпшир штатининг яна бир майда шаҳарчасида Трамп кўп овоз қозонган.

Бугун Ню Йорк штатининг Чапақ шаҳарчасидаги сайлов участкасида Ҳиллари Клинтон турмуш ўртоғи Билл Клинтон билан овоз беришда қатнашди.

Овоз беришга бир кун қолганида CBS News ўтказган ижтимоий сўров натижалари жамоатчиликка ошкор этилди.

Сўров натижаларига қараганда, Демократик партиядан президентликка номзод Ҳиллари Клинтон рақиби Республикачилар партиясидан номзод Дональд Трампдан тўрт фоизга олдинда бормоқда.

Сўралганларнинг 45 фоизи Ҳиллари Клинтонга, 41 фоизи эса Дональд Трампга овоз беришларини айтганлар.

2 ноябрдан 6 ноябргача ўтказилган сўровда АҚШнинг 1753 ватандоши иштирок этган. Мутахасисларга кўра, сўров натижаларидаги ноаниқлик 3 фоизни ташкил этиши мумкин.

Washington Post ва ABC ўткизган сўровларда ҳам Клинтон Трампдан 4 фоиз олдинда бораётгани аниқ бўлган. Bloomberg Politics-Selzer & Co ўткизган сўровда эса Клинтон Трампдан уч фоиз олдинда бораётгани айтилади.

XS
SM
MD
LG