Линклар

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида 1992 йилда тўхтатиб қўйилган авиақатновлар 2017 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб қайта тикланиши мумкин. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкати бош директори Валерий Тянга таянган ҳолда тарқатилган хабарларда Тошкент - Душанбе рейси ёзги йўналишлар жадвалига киритилиши айтилган. Тожикистон томони ҳам икки давлат ўртасидаги авиақатновларни қайта тикланишига оид маълумотларни тасдиқлади.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкати бош директори Валерий Тян ўзбек матбуотига берган интервьюсида Тошкент - Душанбе рейси ёзги йўналишлар жадвалига киритилишини айтар экан “мазкур рейснинг қатнови бундан аввалроқ бошланиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Бунинг учун бизда барча имкониятлар мавжуд”, деб билдирди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг ёзги йўналишлар жадвали март ойининг охирларидан октябрь ойининг бошларига қадар амал қилади. Шундан келиб чиққан ҳолда, яқин беш ой ичида Тошкентдан Душанбега сўнгги 24 йилда биринчи марта йўловчи учоқ парвози амалга оширилиши таҳмин қилинмоқда.

Аввалроқ Тожикистон транспорт вазири Шерали Ганжалзода ҳам Озодлик радиоси тожик хизматига берган суҳбатида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари икки давлат ўртасидаги авиақатновни қайта тиклаш бўйича давлатлараро шартнома лойиҳасини тайёрлаб бўлганлари ҳақида маълум қилган эди.

Озодлик радиоси манбасининг билдиришича, Тошкент ва Душанбе ўртасида парвозларни йўлга қўйиш бўйича музокаралар ўтган йилнинг бошларида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкатининг ташаббуси билан бошланган. Ўшанда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Душанбе халқаро аэропортидан хизмат кўрсатиш нархлари ва аэропортнинг ўзбек учоқларини қабул қилиш имкониятлари тўғрисидаги маълумотни тақдим этишни илтимос қилган. 2015 йил апрелида Тожикистон томони бу сўровга жавоб қайтарган.

Бошқа бир манба эса “Ўзбекистон ҳаво йўллари” тожик томони билан ҳамкорликда парвозларни йўлга қўйишга тайёргарлик ишларини олиб боргани, бироқ бугунги кунда бу тайёргарлик тўхтатиб қўйилганини айтди.

Манбанинг билдириишча, бунга тижорий муаммолар сабаб бўлган. Яъни икки давлат ўртасида виза тизими жорий этилгани сабабли мазкур рейс ўзини оқлайдими ёки оқламайдими, деган савол ҳозирча жавобсиз қолмоқда.

Тошкент ва Душанбе ўртасидаги авиақатнов 1992 йилда тўхтатилган эди. 2000 йилдан эса Ўзбекистон Тожикистон ватандошларига виза режимини жорий этган.

Душанбе расмийлари Тошкент билан авиақатновларнинг қайта тиклаш ҳаракатини Тожикистон - Ўзбекистон муносабатларидаги илиқлик пайдо бўлиши нишонаси сифатида баҳоламоқдалар.

Мутахассислар шу йилнинг 29 сентябрида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Душанбеда ўтказган учрашувни расмий Тошкент ва Душанбе ўртасидаги муносабатлар илиқланишининг биринчи қадами ўлароқ баҳолаган эдилар.

Ўшанда Абдулазиз Комилов Тошкент Душанбе билан муносабатларни қайта тиклашга тайёрлигини изҳор қилганди.

25 октябрда эса Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси Шоқосим Шоисломов Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарияти икки мамлакат ўртасида виза режимини юмшатиш масаласини муҳокама қилишга келишиб олганини айтган эди.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар бундан 20 йил олдин ёмонлаша бошлаганди. Бунинг ортидан икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларга катта путр етган. Масалан, 2000 йилда Ўзбекистон – Тожикистон савдо айланмаси 500 миллион долларни ташкил қилган бўлса, 2015 йилга келиб бу кўрсаткич 12 миллион долларга тушиб қолган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG