Линклар

Самарада ўзбекистонлик муҳожир 17,5 йилга қамалди


Иллюстратив сурат.

Иллюстратив сурат.

Самара суди Россия Жиноят кодексининг тўрт моддаси бўйича айбланган ўзбекистонлик Денис Фаттаховга 17,5 йиллик қамоқ жазоси тайин қилди. У ўғирликка қасдланганлик, талончилик, вояга етмаган шахсга нисбатан куч ишлатганлик ва зўрлаганликда айбланган. Бу ҳақда “АиФ-Самара” нашри Россия Федерация Тергов қўмитасининг Самара вилояти бўйича тергов бошқармасидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар тарқатди.

Суд чоғида Фаттахов 2015 йил 19 октябрида Самаранинг Киров туманида жойлашган Карл Маркс кўчасидаги уй йўлагида бир қизалоқнинг қулоғидан зирагини ечиб олишга урингани, унинг бу ишни амалга оширишига йўлакда пайдо бўлган одамлар халақит бергани аниқланган.

Шу куннинг ўзида Фаттахов Карл Маркс кўчасидаги уйлардан бирида квартирага кириб кетаётган икки қизалоқнинг ортидан бостириб кирган. Уйда бошқа ҳеч ким йўқлигига амин бўлгач, у эшикни қулфлаб, қизчаларнинг оғзини қўли билан беркитиб, улардан пул ва тилла тақинчоқлар талаб қилган. Қўрқиб кетган қизалоқлардан бири унга тақинчоқлар қутисини берган. Шундан сўнг у вояга етмаган қизчаларга таҳдид қилиб, ечинишни буюрган, кейин эса уларни зўрлаган.

Фаттахов ўғирланган тақинчоқларни ломбардга топширишга уринган пайтда тартиб посбонлари томонидан қўлга олинган.

Ўзбекистонлик муҳожир ўзига билдирилган айбловнинг бир қисминигина тан олган.

Самаранинг Киров туман суди Денис Фаттаховни 17,5 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган. Ўзбекистонлик муҳожир жазони қаттиқ тартибдаги колонияда ўташи қайд этилган.

XS
SM
MD
LG